Бурҳониддин Марғиноний мажмуаси – шаҳар ичидаги шаҳар
Асрлар давомида илм, ҳунармандчилик ва маданият маркази бўлиб келган Марғилонда буюк аллома Бурҳониддин Марғиноний номи билан аталган муҳташам мажмуа барпо этилди.
Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 1 апрелдаги қарори асосида амалга оширилиб, қисқа фурсатда ўзининг салобати ва мазмун-моҳияти билан эътиборни тортмоқда. Янги Марғилон даҳасида қад ростлаган мажмуа нафақат тарихий хотирани тиклаш, балки замонавий туризмни ривожлантириш йўлида муҳим қадамдир.
Мажмуа миллий меъморчилик анъаналари ва замонавий архитектура ечимларини ўзида мужассам этган ҳолда, гўё қадим шаҳар ичида яна бир кичик шаҳарчани эслатади. Лойиҳанинг бош режаси Туркиянинг Студио Вертебра компанияси томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, унинг умумий қиймати 1,7 триллион сўмни ташкил этади.
Мажмуанинг асосий йўналишларидан бири — буюк аллома Бурҳониддин Марғинонийнинг бой илмий меросини ўрганиш ва кенг тарғиб қилишдир. Шу билан бирга, ҳудудда қадимий ҳунармандчилик анъаналарини асраб-авайлаш, зиёрат туризмини ривожлантириш ва маҳаллий ҳамда хорижий сайёҳлар учун янги имкониятлар яратиш кўзда тутилган.
Икки босқичда амалга оширилаётган ушбу йирик лойиҳа якунига етгач, у Фарғона водийсининг ҳақиқий “ташриф қоғози”га айланиши кутилмоқда. Бу эса нафақат Фарғона вилояти, балки бутун мамлакат туризм салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилади.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/uDrwWrRtgB0?si=yMgBiZHapFCJXJ3D" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Зиёвуддин Нуриддинов, ЎзА