Булунғурнинг янги боғлари
Таъдкилаш лозимки, ушбу йўналишда Самарқандда муайян тажриба тўпланган.
Жорий йилнинг 27 август куни Вазирлар Маҳкамаси томонидан “Республикада тез ўсувчи ва саноатбоп павловния дарахти плантацияларини барпо қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, сув танқис, ер ости сувлари 30 метрдан пастда жойлашган фойдаланилмаётган захира майдонларда ҳамда ўрмон фондининг сув танқис ёки тупроғи шўр бўлган ерларида синов тариқасида 2020-2024 йилларда павловния дарахти плантациялари барпо этилади.
Жумладан, Самарқанд вилоятида ҳам ёғоч ва ёғоч қириндили маҳсулот ишлаб чиқаришни етарли хомашё билан таъминлаш, мебель ва пеллет (биоёқилғи) ишлаб чиқариш саноати самарадорлигини ошириш мақсадида павловния плантацияларини барпо этиш учун 500 гектар захира ва 148 гектар ўрмон фонди ерлари ажратилиши белгиланди.
Таъдкилаш лозимки, ушбу йўналишда Самарқандда муайян тажриба тўпланган. Бугунги кунда вилоятнинг Булунғур туманида “Paradays garden of pavlovniya” масъулияти чекланган жамияти томонидан 35 гектар ерда павлония плантацияси ташкил этилиб, ушбу тез ўсувчи дарахт ниҳоллари парваришланмоқда.
– Ўтган йил бу ерга илк бор кўчат қадаб, ернинг ҳолати, табиий шарт-шароитларни ўргандик, – дейди жамият раҳбари Сожида Жабборова. – Ҳозирда барча майдонларимизда ниҳоллар яхши ривожланяпти. Нима учун бу дарахт танлангани кўпчиликни қизиқтиради. Интернет орқали маълумот тўплаб, кейин Хитойга бориб тажриба ўргандим ва павловния кўчатларини олиб келиб, кўпайтиришни бошладим. Павловния жуда фойдали дарахт. Бу биринчи навбатда тез ўсиши билан боғлиқ. 100 йилга қадар умр кечирувчи дарахт ҳар 7-8 йилда кесилганида 4-8 мартагача қайта ўсиб чиқади. Бу эса ерни тайёрлаш ва қайтадан кўчат экиш каби ортиқча оворагарчилик ва сарф-харажатларга ўрин қолдирмайди. Бугунги кунда дунё бозорида павловния ёғочининг 1 метр куби 200 доллардан 800 долларгача баҳоланмоқда. Нархи кесилган дарахт ёшига, диаметрига, ишлов берилиш даражасига боғлиқ. Дарахтга тўғри агротехник ишлов берилса, 7 йилда 1 гектаридан 350-500 метр куб сифатли ёғоч олиш мумкин. Павловния ёғочи мустаҳкам, аммо енгил. Шу хусусиятига кўра, қурилишнинг барча соҳаларида фойдаланиш мумкин. Мебель, мусиқа асбоблари, ўйинчоқлар ишлаб чиқаришда, кемасозлик, самолётсозлик ва автосаноатда фойдаланиш мумкин.
Табиат мусаффолигини таъминлашда ҳам павловния жуда фойдали. Кенг барглари туфайли бир туп дарахт бир кунда 22 куб карбонат ангидридни ютиб, 6 куб кислород чиқаради. Шунинг учун Европада бу дарахтни «кислород дарахти», Хитой ва Японияда «император», «аждар дарахти» ҳам дейишаркан. Павловния экилган экинзорлар доимо яшнаб, ҳаво ҳароратини 15 даражагача пасайтириб туради. Бу экологлар учун глобал иссиқликнинг олдини олишда ноёб топилма ҳисобланади. Илдизи бир йилда 4,5 метргача ерга сингиб боради. 2-3 йилдан кейин уни суғоришга эҳтиёж сезилмайди. Бир йилда ўсиш тезлиги 4-5 метргача етади. Гибрид нави беш йил ичида 1, 1,5 куб ёғоч беради. Бундан ташқари, павловния ўзидан азот ишлаб чиқариш хусусиятига эга бўлиб, ернинг унумдорлиги ошиб боради.
Тадбиркор 200 минг доллар миқдоридаги имтиёзли кредит ҳисобига бугун 20 та иш ўрни ташкил қилган. Оқдарё ва Пайариқ туманларида эса янги кўчатхоналар барпо этган. Булунғур туманидаги 20 сотих иссиқхонада ҳам павловния кўчатлари етиштирилмокда. Жорий йилнинг ўзида 270 минг туп кўчат республикамизнинг турли ҳудудларига етказиб берилди.
– Павловния барглари ва ёш танасидан чорва ҳайвонларини боқишда фойдаланиш мумкин – дея сўзида давом этади С.Жабборова. – Тўйимлилик даражаси бўйича беда ўсимлигига жуда яқин. Павловния барглари таркибида 20 фоиз протеин бўлади. Бир йиллик ёш ниҳоллар танасида протеин миқдори бундан ҳам кўп ва шунинг учун, чорва моллари учун биомасса олиш мақсадида ҳам фойдаланиш мумкин. Павловния экилган 1 гектар майдондан ёз ойларига бориб 30-40 тонна сифатли биомасса олиш мумкин. Кўп ва узоқ муддат гуллаб туради ва натижада кўп миқдорда нектар беради. Бу эса об-ҳаво шароитига қараб, павловния плантацияларининг 1 гектаридан 500 килограммдан 1 тоннагача асал олиш имконини беради. Энг муҳими, бу дарахтга ҳашорат тушмайди ва кимёвий дорилар ишлатилмайди.
Баргидан ёғочигача ва ҳатто ўсиб турган тупроғига ҳам фойдали бўлган бу янги дарахт плантацияларининг кўпайтирилиши юртимизда ёғоч саноати, қурилиш ва бошқа соҳалар ривожига хизмат қилади.