Бухоролик ўқувчилар ғолиб
Бухорода ўқувчилар ўртасида математика фани бўйича Мирзо Улуғбек номидаги республика олимпиадаси бўлиб ўтди.
Бухорода ўқувчилар ўртасида математика фани бўйича Мирзо Улуғбек номидаги республика олимпиадаси бўлиб ўтди.
Халқ таълими вазирлиги ва Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда мамлакатимиз миқёсида умумтаълим мактаблари, академик лицей ва коллежлар ўқувчилари билимдонлари орасидан сараланган 91 иштирокчи билимини синаб кўрди.
Бухоро шаҳридаги 1-ихтисослаштирилган умумтаълим мактабида ўтказилган билимдонлик баҳсида олимпиада шартига кўра, иштирокчилар икки кун мобайнида 6 масалани ечиш бўйича синовдан ўтди. Аудитория видеокузатув билан жиҳозлангани, ташқарида ўқитувчилар ва ота-оналарнинг жараённи мониторда кузатиш имконияти яратилгани тадбирда холислик ва шаффофлик тамойили устуворлигини таъминлади.
Олимпиада якунига кўра, ғолиблик 33 балл тўплаган Бухоро вилояти Ғиждувон туманидаги 5-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Диёрбек Толибовга насиб этди.
– Мактабимизда математика фанини ўқитишга, шунингдек, иқтидорли ўқувчилар билан ишлашга ҳам катта эътибор қаратилмоқда, – дейди Д.Толибов. – Дарсдан сўнг, тўгаракларда шуғулланувчилар учун кенг имконият яратилган. Бу ерда мактаб дарслиги билан чекланиб қолинмайди. Масалан, мен интернет базасида жойлаштирилган мураккаброқ масалаларни ечишнинг турли усулларидан фойдаланиш устида ишлайман. Бу эса билим ва кўникмамни оширишда қўл келмоқда. Яқинда вилоятимизда ўтказилган математика фани бўйича мамлакат очиқ олимпиадасида учинчи ўринни эгаллаган эдим. Бугунги муваффақият эса янада салмоқли бўлди.
Таъкидлаш керак, олимпиадада рақобат кучли бўлди. Бунга иккинчи ўринни эгаллаган Бухоро давлат университетининг Қоракўл академик лицейи ўқувчиси Шаҳбоз Ҳасанов билан ғолиб ўртасидаги баҳо фарқи ярим баллни ташкил этгани ҳам далил.
Билимдонлик кўриги якунида уч соатча давом этган баҳс юзага келди. Аниқроғи, учинчи ўринга бир хил балл тўплаган уч киши даъвогарлик қилди. Аппеляция комиссияси хулосасига кўра, иштирокчиларга ёзма иш, яъни битта масала ечими таклиф этилди. Уни тўғри ва асосли ечган Бухоро вилояти Пешку туманидаги 18-умумтаълим мактаби 11-синф ўқувчиси, халқаро ва жаҳон олимпиадалари совриндори Жаҳонгир Нурбоев учинчи ўринни эгаллади.
Олимпиада уч совриндорига диплом ва пул мукофотлари топширилди. Уларнинг устозлари Қосим Раҳимов, Ифтихор Ҳидоятов ва Жўрабек Муродов ҳам моддий рағбатлантирилди.
– Мамлакатимизда таълим соҳасининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланаётгани натижасида тизим такомиллашиб, сифат ва самарадорлик кўрсаткичлари ошмоқда, – деди Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси, мазкур олимпиада ҳакамлар ҳайъати раиси Абдулла Аъзамов. – Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 3 майдаги “Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада яна бир муҳим ҳужжат бўлди. Унга мувофиқ, хусусан, математикага қизиқувчи истиқболли ёшларни саралаш ва қўллаб-қувватлаш, иқтидорини рўёбга чиқариш, илмий тадқиқотлар ва инновацион фаолиятни йўлга қўйиш учун қўшимча шароитлар яратишнинг мутлақо янги механизми яратилди. Энг муҳими, иқтидорли ўқувчиларнинг энг саралари жалб қилинадиган Ўзбекистон терма жамоасининг дунё миқёсидаги интеллектуал мусобақа – математика бўйича халқаро ва жаҳон фан олимпиадаларида муваффақиятли иштирок этишини таъминлашга асос солинди. Бухоро олимпиадаси юқоридаги қарор талабларига мос ўтказилди.
Янги тамойилларга асосан нафақат олимпиада совриндорлари, балки билимдонлари баҳсида яхши кўрсаткичларга эга бўлгани боис захирага олинган яна ўн беш нафар иштирокчи Халқ таълими вазирлигида ташкил этиладиган курсларга жалб этилади. Машғулот ва синовларда юқори интеллектуал қобилиятини кўрсатган олти нафар ўқувчи келгуси йилги халқаро фан олимпиадаларида мамлакат шарафини ҳимоя қилади.
