Бугунги шароитда лимон импортига рухсат борми?
Коронавирусга қарши инсон иммунитетини оширишда С витамини муҳим аҳамиятга эга.
Коронавирусга қарши инсон иммунитетини оширишда С витамини муҳим аҳамиятга эга. Айни вақтда юртимизда таркибида ушбу витамин кўп миқдорда бўлган лимон етиштириш оммалашган.
Ҳозирги вазиятда аҳолининг лимонга бўлган талаби юқори эканлигидан ички бозорда нархи кўтарилаётганини кузатиш мумкин. Нархнинг барқарорлаштириш учун хориждан, мисол учун Хитойдан лимон олиб киришга рухсат борми?
– Ўзбекистонда етиштирилмайдиган, лекин аҳолининг талаби бўлган барча маҳсулотларнинг импортига рухсат берилган, – дейди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси матбуот котиби Дурдона Очилова. – Цитрус мевалар шулар жумласидандир. Масалан, юртимизда аҳолининг лимонга бўлган йиллик талаби 125 минг тонна бўлиб, ўзимизда 30 минг тонна лимон етиштирилаётгани инобатга олиб, май, июнь ва август ойлари учун лимон импортига рухсат берилиши мумкин.
Фақатгина бу каби маҳсулотлар учун экспорт қилувчи мамлакатнинг ўсимликлар карантини бўйича ваколатли органи фитосанитар сертификат тақдим этиши лозим. Мазкур сертификат асосида электрон ариза топширилади. Авваллари бундай мурожаатлар 30 кун давомида кўриб чиқилган бўлса, ҳозирда 3 кун ичида Ўздавкарантин инспекцияси импорт учун карантин рухсатномаси расмийлаштириб беради.