Бугунги маҳалла кечаги маҳалла эмас
Ўтган йилимиз жуда оғир келди. Жаҳонда мураккаб геосиёсий жараёнлар, тождор вирус пандемияси ва глобал иқтисодий инқироз кечаяпти. Айниқса, пандемия ҳаммани ҳаётни, яшаш тарзини, ишлаб чиқаришни, илм-маърифатни бир қайта ўйлаб кўришга ундади. Давлат ва халқ бирлигининг ширин ҳосиласи сифатида Ўзбекистонимиз бу оғир синовдан муваффақият билан ўтиб келяпти. Тождор вирусдан кам зиён кўрган мамлакатлардан бири эканимизга шукроналар қиламиз.
Янги йилни янги режалар билан бошладик. Йил охирида, аниқроғи 26 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ёшлари форумида нутқ сўзлаб, умидвор ғояларни илгари сурди. Жумладан, ёшларни Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги, бебаҳо хазинаси сифатида юксак қадрлашини, юртимизда қандай ислоҳотларга қўл урмайлик, аввало, ёшларга, уларнинг куч-ғайрати ва азму шижоатига суянишини айтди.
Умри ёшлар таълим-тарбияси билан ўтаётган бир зиёли сифатида бу мени ҳам беҳад қувонтирди.
Биз Юртбошимиз ташаббуси ва раҳбарлиги остида она Ватанимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишга киришдик. Бу вазифа, табиийки, ёшлар тарбияси масаласини янги даражаларга кўтариш орқали амалга ошади. Ахир, иқтисод амалда фойдали меҳнат билан банд кишилар сонини кўпайтириш ва ҳар бир фуқаро меҳнатининг самарадорлигини ошириш билан ривожланади. Янги иш жойлари пайдо қилиш ҳам, инсон меҳнати самарадорлигини ошириш эса ўз-ўзидан, бирданига юз берадиган ҳодиса эмас.
Ҳозир жамиятда “Ҳар бир тадбиркор – ёшларга мададкор” тамойили асосида 1 нафар тадбиркорга 1 нафардан ишсиз ёшларни бириктириш ғояси амалга ошириляпти. Ҳудудларда “устоз-шогирд” анъанасини янада кучайтириш орқали ёшларга касб-ҳунар ўргатишни янги поғонага олиб чиқиш ҳам ‒ бугун қанчалар муҳим. Энди шаҳар ва туманларнинг ҳаммасида барча инфратузилма объектларига эга “Ёшлар кичик саноат зоналари” ташкил этилади. Ёки Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурини олинг. Унга кўра, ёшларнинг тадбиркорлик лойиҳалари учун кредит маблағлари йўналтирилади. Жойларда изланувчан йигит-қизларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ёшлар технопарклари” қурилди ва айни йўналиш бу йил ҳам изчил давом эттирилади. Яқин икки йилда “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида 300 минг нафар ёшлар компьютер дастурлаш асосларига бепул ўқитилади.
Ҳар йили қанчадан-қанча ёшларимиз мактаб, коллеж ва олий таълим муассасасини битиради. Аммо уларнинг ҳаммаси ҳам иш топиб кетаётгани йўқ. Энди бу масала ҳам жиддий назоратга олинади.
Бу эзгу ҳаракатлар барчага, хусусан, ҳаётда ўз ўрнини топишга қийналаётган, йўлдан адашган, кўмакка муҳтож ёшларга тезроқ мустақил шахс сифатида шаклланиш имконини беришига ишонаман.
Ёшлар муаммолари шулар билангина тугамайди. Президент Шавкат Мирзиёев келтирган 2020 йилнинг ўтган 11 ойида ёш оилалар ўртасида 25 минг ажрим қайд этилгани бутун жамиятни ўйлантиради. Бу салбий ҳолат барчамизни жиддий безовта қилиши ва қаттиқ ташвишга солиши керак. Шу масалани муҳокама қилар экан, давлатимиз раҳбари: “Нега мана шу оилаларни сақлаб қолиш учун маҳаллада ҳаракат қилмадик, ёшларга тўғри йўлни кўрсатмадик?” ‒ деди.
Ҳар қандай оила маҳаллада яшайди. Унинг муаммосини ҳаммадан бурун қўни-қўшни, яъни маҳалла аҳли яхши билади. Маҳаллада кўпни кўрган мўътабар нуронийларимиз, оқила ва меҳрибон оналаримиз бор. Одатда оиланинг дастлабки беш йили мураккаб кечади. Чунки икки ёш бир-бирига, айниқса, келин эса янги муҳитга кўникиши керак. Ана шу даврдан сабр-тоқат билан ўтиб олган оила мустаҳкамланиб бораверади. Маҳалла айнан шу пайтда ёрдамга келиши лозим.
Давлатимиз раҳбари ёшлар билан ишлашда маҳалла раисининг зиммасига ҳам катта масъулият юклашини алоҳида таъкидлади: “Ёшлар билан ишлаш Президентдан тортиб вазиргача, ҳокимдан тортиб маҳалла раисигача – ҳаммамизнинг энг асосий ишимизга айланиши зарур”.
Бугун маҳалла мамлакатимизда бошқарувнинг ўзга хос миллий тизимига айланиб улгурди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йилнинг 29 декабридаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳам бир неча марта маҳалла масаласига урғу берилди. Мурожаатнома матнида жами 26 марта “маҳалла” сўзи тилга олинди.
Қайд этилдики, барча туман ва шаҳарларда, ҳар бир маҳаллада эҳтиёжманд оилалар, аёллар ва ёшлар билан манзилли ишлаш бўйича мутлақо янги – “темир дафтар” тизими жорий этилди. Қисқа муддатда бу тизим орқали 527 минг фуқаронинг бандлиги таъминланди.
Мамлакатимиз тарихда биринчи марта Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо этиб сайланди. Яқинда АҚШ давлат департаменти томонидан Ўзбекистон диний эркинлик соҳасидаги “махсус кузатувдаги давлатлар” рўйхатидан чиқарилди. Бунда маҳаллаларда диний тарбия борасида олиб борилган ишларимизнинг ҳам ўрни бор.
Бу йил Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигининг 30 йиллигини кенг нишонлаймиз. Бу тарихий сана “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” деган эзгу ғоя асосида байрам қилинади.
Ҳаётда шундай масалалар борки, уларни маҳалласиз ҳал этиб бўлмайди.
Президентимизнинг таъкидлашича, бундан буён ҳар бир маҳаллада, энг аввало, 5 ёшгача болалар, шунингдек, туғиш ёшидаги ва ҳомиладор аёллар, ногиронлиги бўлганлар, қон-томир, онкологик, эндокрин каби касалликларга мойиллиги бўлган фуқаролар билан ишлашнинг алоҳида тизими жорий этилади. Бунинг учун, жумладан, тиббий хизматлар кўрсатишда бирламчи бўғин қамровини кенгайтириш мақсадида келгуси 3 йилда 315 та “оилавий шифокор” пункти ва 85 та оилавий поликлиника ишга туширилади.
Мамлакатимизда кейинги йилларда аҳоли ўртасидаги камбағаллик очиқ тан олинди. Чунки касални яширганинг билан иситмаси ошкор этади. Давлат сиёсатида муаммоларни ўрганиш, уларга чора излаб, бартараф этиш йўлидан юриш бошланди. Давлат раҳбарининг таъкидлашича, камбағалликни қисқартириш борасида комплекс ёндашув ва ностандарт усуллар жорий этилади. Чунки камбағаллик масаласи кредит, ижтимоий нафақа ёки уй бериш билан ўз-ўзидан ҳал бўлиб қолмайди. Бунинг учун таълим, соғлиқни сақлаш, касб-ҳунарга ўқитиш, ичимлик суви, энергия ва йўл инфратузилмаси билан боғлиқ комплекс муаммоларни ҳал этиб бориш керак.
Шу мақсадда маҳаллаларда “темир дафтар” жорий этилди. Айни йўл билан эҳтиёжманд аҳолини тўғри аниқлаш ва шу асосда улар билан манзилли ишлашни ташкил этиш кўзда тутилган.
2021 йили тўлиқ ишга тушадиган “Ижтимоий реестр”да “темир дафтар”даги барча маълумотлар қамраб олиниб, эҳтиёжманд оилаларга 30 дан зиёд ижтимоий хизматлар электрон шаклда кўрсатиладиган бўлди. Биринчи навбатда, камбағал аҳолининг асосий эҳтиёжларини кафолатли таъминлашга киришилади. Бу масалада халқаро экспертлар билан чуқур таҳлил асосидаги ҳисоб-китоблар якунига етказилмоқда. Шу йилнинг 1 мартидан бошлаб аҳолининг минимал истеъмол харажатлари миқдори эълон қилинади. “Темир дафтар”га киритилган ҳар бир фуқарони камбағалликдан чиқариш бўйича “мотивация, кўникма ва молиявий кўмак” тамойили асосида янги механизм жорий этилади.
Камбағалга балиқ берган яхшими ёки унга балиқ тутишни ўргатганми? Бу ‒ халқ орасида машҳур бўлиб кетган анъанавий савол. Албатта, иккинчиси ‒ яхши. Чунки берган балиғингиз билан бир кун унинг қорни тўяди, холос. Балиқ тутишни ўрганса, у ҳар куни ўз қорнини ўзи тўйғазади. Айни нақлни эслашимизга сабаб шуки, бу йил маҳаллаларда аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш бўйича мингдан зиёд марказлар ташкил этилади. Бунда касб-ҳунарга ўқитилган ҳар бир шахс учун ўқув марказларига 1 миллион сўмгача субсидия берилиб, бунинг учун бюджетдан 100 миллиард сўм ажратилади. Ўқув курсларини тамомлаб, ўз бизнесини бошламоқчи бўлган фуқароларга асбоб-ускуна харид қилиш учун 7 миллион сўмгача субсидиялар берилади. Шунингдек, ҳар бир туманнинг имконияти ва ривожланиш йўналишидан келиб чиқиб, деҳқончилик билан шуғулланадиган оилаларга 10 сотихдан 1 гектаргача ер майдонлари ажратилади. Эҳтиёжманд аҳоли бандлигини таъминлашга Бандликка кўмаклашиш ҳамда Жамоат ишлари жамғармаларидан 500 миллиард сўм йўналтирилади.
Булар ‒ айтишгагина осон ишлар.
Сўнгги 3 йилда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 5 миллионга яқин аҳоли яшайдиган 1 минг 200 та маҳалла ва қишлоқ қиёфаси тубдан ўзгарди. Лекин пандемия туфайли бу йўналишдаги ишларимизни вақтинча тўхтатишга мажбур бўлинди. Президент ҳукуматга “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини ишлаб чиқиб, тасдиқлаш вазифасини юклади.
Деҳқон ерга сув тараганда унинг охирги эгатгача бориб етишини ўйлайди. Давлат сиёсати ҳам шундай бўлиши керак. Чунки чекка-чекка маҳаллаларда ҳам одамлар яшайди. Шунинг учун Юртбошимиз: “Келгуси йил бошидан ҳар бир вазирлик ўз ишини туман, шаҳар, қишлоқ ва маҳалла кесимида режалаштиради ва ташкил этади. Вазирлар ва уларнинг ўринбосарлари фаолиятига жойларда амалда қандай ўзгариш бўлганига қараб баҳо берилади”, ‒ деди.
Шунингдек, маҳаллий ижро органлари, вакиллик идоралари ҳамда маҳалланинг институционал асосларини янада такомиллаштириш лозимлигига ҳам алоҳида урғу берилди. Чунки ислоҳотларнинг натижалари, бўлаётган ўзгаришлар ва аҳолининг кайфияти, аввало, маҳаллада сезилади. “Шу маънода, ‒ деди давлат раҳбари, ‒ “маҳалла – жамиятимизнинг ёруғ юзи ва виждони кўзгуси”, десак, тўғри бўлади. Шунинг учун барча даражадаги раҳбарлар пастга тушиб, ўз соҳаси бўйича маҳаллалардаги муаммоларни ўрганиши ва уларга ечим топиши, одамлар сезадиган натижани таъминлаши ‒ шарт. Бундан буён маҳалладаги ишларнинг аҳволи вазирлик, идоралар ва ҳокимликлар ишини баҳолашда бош мезон бўлади. Шунингдек, маҳалланинг нуфузини, унинг ресурс ва имкониятларини ошириш, ходимларининг моддий таъминотини яхшилаш бўйича дастур ишлаб чиқиш зарур”.
Шу пайтгача маҳалла, асосан, пенсионерлар ишлайдиган идорага айланиб қолган эди. Энди муносабат кескин ўзгаряпти. Ҳатто, Қонунчилик палатаси ва Сенатга Вазирлар Маҳкамаси билан бирга 2021 йил 1 апрелга қадар маҳаллий ижро ва вакиллик органлари ҳамда маҳалла институти фаолиятини тубдан такомиллаштиришга оид янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш юклатилди.
Маҳалла раиси ва унинг ўринбосарлари ваколатларини кенгайтириб, уларга аҳоли муаммоларини бевосита ҳал қилиш имконини яратиш, бунда маҳалла раисига маҳаллий Кенгаш мажлисида кўрилиши мажбурий бўлган масалаларни киритиш ҳуқуқини бериш, шу тариқа муаммоларни тезкор ҳал қилишга эришиш имкониятини яратиш ҳақида сўз борди. Маҳаллада ишлаётган малакали ва ташаббускор кадрларни давлат идоралари раҳбарлик лавозимларига тавсия этиш тизими йўлга қўйилиши ҳам таъкидланди.
Президент Шавкат Мирзиёев қайд этиб ўтганидек, бугунги халқимиз кечаги халқ, бугунги Ўзбекистон эса кечаги Ўзбекистон эмас. Худди шунингдек, бугунги маҳалла ҳам кечаги маҳалла эмас.
Муслиҳиддин МУҲИДДИНОВ,
филология фанлари доктори, СамДУ профессори, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби.