Бугун Жаҳон почта куни
9 октябрдан бошлаб жаҳонда Халқаро мактублар ҳафталиги бошланади.
Ўтган асрнинг 70 йилларида қишлоғимизда газета-журнал кирмаган хонадоннинг ўзи йўқ эди. Колхозчилар мажбуран обуна қилинарди. Газеталарга обуна нархи шу қадар арзон бўлардики, колхозчилар ўзларининг маошларидан пул ушлаб қолинганини деярли билмасди. Кўп ҳолларда обуна пуллари «годовой» (шаҳарда буни 13 ойлик дейишарди)дан ушланарди.
Гап бу ҳақда эмас. Бугун почтачилар ҳақида сўз юритмоқчиман. Эсимни таниганимда қишлоғимизда почта бошлиғи Абдукарим Сулаймонов эди. У кишининг рафиқаси Хадича опа ҳам почтада ишлашарди. Адам колхозда ишлаганлари боис Москванинг «Правда» «Известия», Ўзбекистоннинг «Совет Ўзбекистони», «Муштум», «Шарқ юлдузи», «Саодат»ига, Қозоғистоннинг «Социалистик Қазақстан», «Онтустик Қазақстан» («Жанубий Қозоғистон») ва туманимизнинг нашрларига обуна бўлардилар. Бизнинг маҳалламизга газеталарни эшак минволиб Муқим ака тарқатарди. Бизга қариндошлик жойи йўғу, лекин менга бошқача муносабатда бўларди (кўп газета ўқишимни билардилар) ва «барибир ўқишмайди» дея бошқаларнинг қизиқарлироқ газеталарини бизга ташлаб кетарди. Кейин нима учундир ишдан бўшаб кетдилар. Раҳматли яхши одам эдилар.
Нима демоқчиман? Менинг газета-журнал ва китобларга қизиқишимда почтачиларнинг хизматлари катта бўлган. Шу сабабли почта хизматига, почтачиларга эътиборни қаратиш керак, уларга оддий хизматчи сифатида эмас, маърифат тарқатувчилар сифатида қарашимиз лозим. Умуман почта хизматини ривожлантириш лозим. Интернет ўз йўлига, аммо халқимизга газета ва журналлар ҳам керак.
9 октябрдан бошлаб жаҳонда Халқаро мактублар ҳафталиги бошланади. Чунки бугун Жаҳон почта куни (World Post Day). 1939 йили Буэнос-Айресда Жаҳон почта Иттифоқи (Universal Postal Union) XI конгресси мазкур байрамни нишонлаш таклифини илгари сурган эди. Бироқ, бу қарор ўз вақтида кучга кирмади. 1969 йилда Токиода бўлиб ўтган Жаҳон Почта Иттифоқи (ЖПИ) XVI конгрессида ҳар йили 9 октябрда Жаҳон почта Иттифоқи кунини нишонлаш борасида қарор қабул қилинди ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Халқаро кунлари рўйхатига киритилди. Бу байрам илк бор 1970 йилда нишонланди. ЖПИнинг 1984 йил Гамбургда бўлиб ўтган XIX конгресси «Жаҳон Почта Иттифоқи кунини» Жаҳон Почта кунига ўзгартириш борасида қарор қабул қилди.
1874 йилнинг 9 октябрь куни Берн (Швейцария)да 22 мамлакат вакиллари томнидан "Берн" шартномаси имзоланди ва шу тариқа Бош Почта Уюшмаси ташкил этилди. 1878 йилда Уюшма номи ўзгартирилди ва Жаҳон Почта Иттифоқига айланди. Бугунги кунда Уюшмага 192та мамлакат аъзо.
9 октябрдан бошлаб жаҳонда Халқаро мактублар ҳафталиги бошланади.
Почта тизимини хат, жўнатма ва товарлар етказиб бериш, банк, молия ва давлат хизматлари кўрсатишга ихтисослаштириш орқали соҳа барқарорлигини таъминлаш муҳим масала ҳисобланади. Президент Шавкат Мирзиёев 5 октябрь куни миллий почта тизимини ислоҳ қилиш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди. Давлатимиз раҳбари почта тизимини ривожлантириш учун уни даромад келтирадиган соҳага айлантириш зарурлигини таъкидлади. Хусусий операторлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, қўшимча хизматларни тақдим этиш орқали почта бўлимлари даромадини ошириш мумкинлиги айтилди.
Мутасаддиларга босма нашрларни қўллаб-қувватлаш учун матбуот тарқатиш тизимини ривожлантириш, даврий нашрларга онлайн обуна хизматини йўлга қўйиш муҳимлиги таъкидланди.
Янги почта хизматларини йўлга қўйиш учун ходимларни қайта тайёрлаш, почта биносини давлат-хусусий шериклик асосида тадбиркорлар билан бирга ишлатиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.