Бугун МДҲ Парламентлараро Aссамблеясининг сессияси бошланади
Бугун - 2022 йил 27 октябрь куни Самарқанд шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) Парламентлараро ассамблеясининг кузги сессияси ўз ишини бошлайди.
Ўзбекистонда илк бор ўтказилаётган ушбу нуфузли анжуман Самарқанд шаҳридаги “Буюк ипак йўли” халқаро туризм мажмуасидаги Конгресс марказида бўлиб ўтади.
Айни пайтда МДҲ Парламентлараро ассамблеясига аъзо давлатларнинг парламент делегациялари раҳбарлари ва аъзолари, шунингдек, халқаро ташкилотлар вакиллари, олимлар ҳамда экспертлар Конгресс марказига йиғилмоқда.
Бугун Парламентлараро ассамблеянинг маданият, ахборот, туризм ва спорт бўйича, қишлоқ хўжалиги сиёсати, табиий ресурслар ва экология бўйича ҳамда сиёсий масалалар ва халқаро ҳамкорлик бўйича учта доимий комиссияларининг мажлислари бўлиб ўтади.
Нуфузли анжуман тафсилотлари ҳақида батафсил uza.uz орқали таништириб борамиз. Бизни кузатиб боринг!
Н.Абдураимова, ЎзА