Бугун – Халқаро спорт журналистлари куни
Дунёда касблар кўп.
Улар орасида журналистика алоҳида ўрин тутади. Бугун жаҳон ахборот бешигини тебратиб келаётган соҳа ўз фаолияти давомида турли йўналиш ва тармоқларга бўлинадики, унинг ҳар бири ҳаётнинг муайян тизимларини қамраб олади. Лекин улар орасида спорт журналистикаси кўлами, қамрови жиҳатдан бошқа йўналишлардан алоҳида ажралиб туради.
Бугун халқаро спорт журналистлари куни. Бугун дунёда ушбу йўналишда фаолият кўрсатаётган миллионлаб соҳа ходимлари касб байрамини нишонламоқда.
Хусусан, Ўзбекистонда ҳам спортчиларимизнинг халқаро ва ички мусобақалардаги натижаларини кенг жамоатчиликка етказиб келаётган, Ўзбекистон спортининг ютуқ ва муаммолари, унинг жамият тараққиёти йўлидаги ҳаракатларини таҳлил этиб, зарур хулоса ва таклифларни илгари сураётган юзлаб журналистлар соҳанинг турли тармоқларида фаолият кўрсатиб келмоқда.
1994-1997 йиллари юртимизда бармоқ билан санарли даражада кам сонли спорт журналистлари бор эди. Уларни кенг жамоатчилик номма-ном билар эди. 1997-2002 йиллар орасида соҳага давлатимиз томонидан алоҳида эътибор берила бошлангач спорт журналистлари сони 10-15 бараварга ошиб кетди. Бугунги кунда спорт журналистикасининг турли йўналишларида юзлаб мутахассислар ишлашмоқда.
Биргина футбол йўналишини ёритиб келаётган ўзбек журналистлари сон жиҳатдан эмас, сифат кўрсаткичида ҳам катта марраларга эришмоқда. Бунга юртимиздан Алишер Никимбаев, Аваз Бердиқулов, Санъат Шарипов каби етишиб чиққан бир қатор малакали спорт журналистларининг халқаро миқёсда, жумладан Осиё футбол конфедерацияси тизимларида самарали ишлаётганида ҳам кўрсак бўлади.
Шунингдек, юзлаб спорт журналистларимиз дунёнинг турли мамлакатларида ўтаётган чемпионатларда, халқаро турнирларда, олимпия ва қитъа ўйинларида Ўзбекистон спорт журналисти сифатида иштирок этиб, халқаро спорт журналистикасида ўз касбий маҳоратини намойиш этмоқда.
Бугун мамлакатимизда спорт журналистларини тайёрлаш борасида ҳам изчил ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, бир қатор олий таълим муассасаларида, нодавлат йўналишларида спорт журналистларини тайёрлаш тизими йўлга қўйилди. Уларда юзлаб ёшлар спорт журналистикасининг сир-синоатларидан сабоқ олмоқдаки, бу келгусида соҳани малакали кадрлар билан таъминлашга хизмат қилади.
Шунингдек, ўтган 4-5 йил оралиғида Ўзбекистонда спорт соҳасига доир бир қатор ахборот тармоқлари, интернет нашрлари, телеканаллар, махсус блоклар фаолияти йўлга қўйилди.
Янги Ўзбекистон тамойили, юртимизда очиқлик, мавжуд вазиятларга холис баҳо бериш сиёсати устуворлик касб этаётган жараёнда спорт журналистлари сафига спорт блоггерлари ҳам қўшилганлиги, соҳа тараққиётига ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Шу билан бирга Ўзбекистон спорт журналистикасида ечимини кутаётган муаммолар, унинг самарали фаолият кўрсатиши учун зарур бўлган воситаларнинг етишмаслиги ҳам бор ҳақиқатки, янгиланаётган Ўзбекистон тараққиёти йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар шамоли спорт журналистикаси юзига ҳам енгил эпкинларни йўлласа ажаб эмас.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА