Будапешт турнирида Ихтиёр Ботиров чемпион бўлди
Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида спорт курашлари бўйича UWW рейтинг серияси мусобақаси якунланди. Унда юнон-рум кураши бўйича Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари олтин ва бронза медалига сазовор бўлди.
Будапешт шаҳри мезбонлик қилган спорт курашлари бўйича UWW рейтинг серияси мусобақасида юнон-рум кураши бўйича баҳслар юқори рақобат остида кечди. Нуфузли турнирда Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари муносиб иштирок этиб, икки медални қўлга киритди.
55 килограмм вазн тоифасида беллашган Ихтиёр Ботиров мусобақа давомида барча рақибларини мағлуб этиб, финалга қадар етиб борди. Ҳал қилувчи баҳсда у АҚШ вакили Эндрю Брэдидан устун келиб, мусобақанинг олтин медалини қўлга киритди. Мазкур натижа терма жамоамизнинг рейтинг очколари жамғаришида ҳам муҳим аҳамият касб этади.
60 килограмм вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилган Алишер Ғаниев эса муваффақиятли иштирок этиб, бронза медали соҳибига айланди.
Будапештдаги UWW рейтинг серияси мусобақасида қайд этилган ушбу натижалар Ўзбекистон юнон-рум кураши мактабининг халқаро майдондаги рақобатбардошлиги ортиб бораётганини яна бир бор намоён этди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА