БТА: Пенсия ёшига етган вазирлик ходимлари ишдан бўшатилади
Болгариянинг Инновациялар ва рақамли трансформация вазирлигида пенсия ёшига етган барча ходимларни босқичма-босқич ишдан бўшатиш режалаштирилмоқда. Уларнинг бир қисми аллақачон вазифасидан озод этилган.
Ахборот ҳамкоримиз – Болгария телеграф агентлиги (БТА) хабар беришича, бу ҳақда мамлакат инновациялар ва рақамли трансформация вазири Иван Василев парламентнинг тегишли комиссиясида ўтказилган эшитувда маълум қилган.
Вазир “Ўзгаришларни давом эттирамиз” парламент гуруҳи вакилларининг кадрлар сиёсатига оид саволига жавоб берар экан, сўнгги бир ой ичида вазирликнинг 100 нафардан ортиқ ходими ишдан бўшатилганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, мазкур чоралар давлат бошқаруви тизимини мақбуллаштиришга қаратилган ҳукумат сиёсатининг бир қисми ҳисобланади.
– Давлат бошқаруви тизими штат бирликларини қисқартирмасдан ва сиёсий партияларга яқин шахсларни ишга тайинламасдан ҳам янада самарали фаолият юритиши мумкинлигига ишонаман, - деди у.
Василевнинг айтишича, вазирлик фаолиятини қайта ташкил этиш жараёни жорий йил май ойида тегишли низом лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилиши билан бошланган. Ўша пайтда янги ташкил этилаётган вазирлик ходимлари муассаса фаолиятини ўрганиш ва баҳолаш ишлари бошланаётганидан хабардор қилинган.
Вазир ишдан бўшатилган ходимлар вазирликда фаолиятини давом эттириш учун белгиланган талабларга жавоб бермаганини билдирди. Хусусан, ходимларни баҳолашда ташаббускорлик, ҳисобдорлик, шаффофлик ва иш сифати асосий мезонлар сифатида белгиланган.
Шу билан бирга, у ишдан бўшатилган ходимлар мутахассисларга эҳтиёж юқори бўлган хусусий секторда ўз меҳнат фаолиятини давом эттириши мумкинлигини қайд этди ҳамда уларга мамлакат равнақи йўлидаги хизматлари учун миннатдорлик билдирди.
Мулозим амалга оширилаётган таркибий ўзгаришлардан кўзланган асосий мақсад давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш ва маъмурий жараёнларни тезлаштириш эканини таъкидлади.
Янги низомга мувофиқ, вазирлик таркибидаги дирекциялар сони 19 тадан 8 тага қисқартирилади. Шунингдек, ҳар бир таркибий бўлинманинг вазифа ва масъулият доираси аниқ белгилаб қўйилади.
– Янги ташкилий тузилмада қайси дирекция қандай вазифалар учун жавобгар экани аниқ кўрсатилган, - деди вазир.
Унинг фикрича, янги тартиб вазирлик бўлинмалари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, иш жараёнларини мувофиқлаштириш ҳамда масъулиятдан қочиш ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилади.
А.Маматов, ЎзА