BTA: Болгарияда божхона қоидабузарлиги учун жиноий жавобгарлик кучайтирилмоқда
Болгария ҳукумати бож қонунчилиги бузилишини жиноят сифатида тан олиш ва ноқонуний савдо-сотиққа қарши курашни кучайтириш назарда тутилган Жиноят кодекси тузатилишини тасдиқлади. Бош вазир Румен Радев Вазирлар маҳкамаси йиғилишида маълум қилишича, янги ўзгариш божхона назоратини анча кучайтиради.
Таъкидланишича, айни пайт божхонадаги қоидабузарлик шунчаки маъмурий ҳуқуқбузарлик сифатида баҳоланади. Бу қоидани ўзгартириш учун кўп йил сиёсий ирода етишмаган.
Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси уюшган жиноятчиликнинг энг даромадли соҳаларидан бири бўлган Европа Иттифоқи чегараларидан ноқонуний товар олиб ўтиш орқали миллий ҳамда қитъа молиявий манфаатига зарар етказишга чек қўйиши кутиляпти.
Ҳукумат раҳбари сўзларига кўра, янги меъёр нафақат қонунни бузувчилар ва божхона ходимлари, балки тизимдаги бундай қоидабузарликка қасддан кўз юмадиган юқори лавозимли мансабдор шахсларга нисбатан ҳам қўлланади. Бундан ташқари ЕИ ва миллий бюджет маблағини ўзлаштириш ёки бошқа ғаразли мақсадга йўналтириш учун ҳар қандай маълумотни қасддан яшириш ҳам жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.
Ф.Яхшибоева, ЎзА