Брюсселда конференция. Горький ҳам “кетди”...
Россия-Украина
Европа Иттифоқи 20-21 март кунлари Брюсселда илк бор Мудофаа ва хавфсизлик соҳасида шериклик бўйича Шумана халқаро форумини ўтказади. Анжуманда ЕИ таркибидаги 27 мамлакат ва қарийб 40 шерик-давлат, шунингдек, НАТО вакиллари қатнашиши кутилмоқда. “ТАСС” дипломатик доиралардаги манбага таяниб хабар беришича, тадбирда, асосан, Украина мавзуси кўриб чиқилади. Бир неча мамлакат Украинага “МиГ-29” қирувчи учоқлари беришини эълон қилиши мумкин, деди Польша ҳукумати матбуот котиби Петр Мюллер.
“Тегишли қарор давлатлар гуруҳида муҳокама қилинмоқда. Вақти-соати етганда бу ҳақда тўлиқ маълумот берилади”, дейилган баёнотда.
Словакия Президенти Зузана Чапутова ҳарбий зиддият пайтида Украинанинг НАТОга аъзо бўлиб кириши муҳокамасини бошлаш тўғри бўлмайди, деб ҳисоблайди. Давлат телевидениеси шу ҳақдаги баёнотдан иқтибос келтирди.
Америкалик бир гуруҳ сенаторлар мудофаа вазири Ллойд Остинга мурожаат қилиб, Киевга “F-16” қирувчи самолёти юбориш масаласини кўриб чиқишни сўради. Бу ҳақда “Fox News” телеканали хабар берди.
Дания Украинага 150 миллион доллар миқдорида янги ҳарбий ёрдам беради, дея маълум қилди мамлакат Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.
“Бу қарор парламентда бир овоздан маъқулланди”, дейилган ахборотда.
Америка собиқ Президенти Дональд Трамнинг бўлажак давлат раҳбари сайловида Республикачилар партиясидан номзоди кўрсатилиши Вашингтоннинг Киевга ёрдам кўрсатишини қийинлаштириб қўйиши мумкин. Бу фикрни НАТО собиқ Бош котиби Андерс Фог Расмуссен “Politico” нашри мухбирига айтган.
Канада ҳукумати Украинага навбатдаги, гаубица учун снаряд, танк, ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизими учун ракетадан иборат, ёрдам жамланмаси юборилишини маълум қилди. Аввалроқ Оттава Киевга “Leopard-2” танки иккинчи тўпламини жўнатгани тўғрисида мамлакат мудофаа вазири Анита Ананд хабар берган эди.
“Axios” портали ўз манбаларига таяниб, Исроил радио тўлқинини тўсадиган учувчисиз бошқариладиган ускуналарни Украинага етказиб бериш учун экспорт лицензиясини маъқуллагани хабарини тарқатди.
Швеция ҳукумати Украинага 10 та “Leopard” танки юбориш бўйича қарор қабул қилган. Бу ҳақда АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин журналистлар билан кечган суҳбатда айтди.
Болгария мудофаа саноатини кенгайтиришдан манфаатдор, аммо Украинага қурол-аслаҳа етказиб бериш бўйича янги мажбуриятни зиммасига олмаган, деб маълум қилди ҳукумат матбуот хизмати.
Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, Украина 2022 йил Ғарб давлатларидан 117 минг қурол ва қирғин воситаси олган.
Ёзувчи Максим Горькийнинг Украинадаги, Полтава вилояти Миргород тумани “Середняки” қишлоғида ўрнатилган ҳайкали олиб ташланди. Бу ҳақда маҳаллий "Змист" нашри хабар қилди. Газета ёзишича, Горький украин тилини билмаган.
Аброр ХОН,
ЎзА