Британия ҳукумати вакиллари А.Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институтида бўлди
Мамлакатимизда олиб борилаётган очиқликка таянган сиёсат натижаси ўлароқ, дунё ҳамжамиятининг юртимизга бўлган қизиқиши ортиб бормоқда. Бунинг исботини соҳалар кесимида йўлга қўйилаётган халқаро ҳамкорликлар ҳам тасдиқлайди.
Юртимиздаги таълим тизими ҳақида тўлиқ тасаввур ҳосил қилиш мақсадида Британия Кенгаши ҳамда Буюк Британия ҳукумати вакиллари А.Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институтида бўлди.


Меҳмонлар билан учрашув ўтказилиб, ўқитувчиларнинг касбий ривожланиш тизимини такомиллаштириш, истиқболдаги ҳамкорлик йўналишлари хусусан, инглиз тили ўқитувчиларининг касбий ривожланишига қаратилган ташаббуслар муҳокама қилинди.
Ташриф давомида Британия ҳукумати вакиллари институтда ташкил этилган Узлуксиз касбий ривожланиш маркази (CPD hub) фаолияти билан яқиндан танишди. Марказ ва бошқа лойиҳалар иштирокчилари билан суҳбатлар ташкил этилиб, узлуксиз касбий ривожланишнинг янги модели амалиётга жорий этилиши, унинг натижалари ҳамда истиқболдаги ривожланиш йўналишлари юзасидан фикр алмашилди.


Мазкур учрашув ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, илғор тажрибаларни кенгайтириш ҳамда таълим сифатини оширишга хизмат қилиши таъкидланди.


Шербек Исломов, ЎзА