Браконьерлар жаримага тортилди
Натижада фуқаролардан 3 миллион 345 минг сўм миқдорда жарима ва 5 миллион 104 минг 723 сўм табиатга етказилган зарар ундириладиган бўлди.
Навоий вилояти Экология бошқармасининг Биохилмахиллик ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар масалалари бўйича бўлими томонидан Учқудуқ ва Томди тумани Экология инспекцияси инспекторлари ҳамкорлигида назорат тартибидаги тезкор рейд тадбирлари ўтказилди.
Тадбир давомида туман марказидан 45 километр узоқликда чўл ҳудудидан фуқаролар А.К ва Ш.О.лар бошқариб келаётган иккита УАЗ русумли машиналари тўхтатилди. Назорат тартибида текширилганда фуқаролар қонунга хилоф равишда саксовул буталарини синдириб олиб кетаётганлиги аниқланди. Ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси МЖтК нинг 79-моддаси 1-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, 2 миллион 230 минг сўм миқдорда жарима 1 миллион 93 минг сўм табиатга етказилган зарарни ундириш белгиланди.
Шунингдек рейд давомида Томди туман марказидан тахминан 130 километр узоқликда чўл ҳудудидан фуқаролар М.А ва М.Ж.лар бошқариб келаётган сариқ рангдаги “Форд” русумли ҳамда кўк рангдаги ГАЗ-53 русумли юк машинасига қонунга хилоф равишда саксовул буталарини синдириб олиб кетаётганлиги маълум бўлди. Натижада фуқаролардан 3 миллион 345 минг сўм миқдорда жарима ва 5 миллион 104 минг 723 сўм табиатга етказилган зарар ундириладиган бўлди.
Юртимизда ҳар қандай ноқонуний хатти-ҳаракат учун қонуний жавобгарлик мавжуд. Аммо айрим фуқароларимиз қонунни четлаб ўтишга ҳаракат қилишади. Навбатдаги рейд тадбири эса Зарафшон шаҳар Экология инспекцияси инспекторлари томонидан ўтказилди. Унда Зарафшон шаҳрида яшовчи З.Ш. ўз бошқарувидаги юк юкловчи экскаватор кўмагида ноқонуний равишда умумтарқалган фойдали қазилмалар қум-шағал аралашмасини ҳеч қандай рухсатсиз белгиланмаган жойдан қазиб олган ҳолда юк автомашинасига юклаб кетаётганлиги аниқланди. Ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси МЖтК.нинг 70-модданинг 1-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, ҳуқуқбузарга юқоридаги ҳолатлар қайта такрорланмаслиги учун ёзма огоҳлантириш берилди.