Браконерлар табиатга 1,25 миллиард сўм зарар етказди
Наманган вилоятида электр токли қармоқ ёрдамида ноқонуний балиқ овлаган икки нафар фуқаро аниқланди.
Наманганда "Қизил китоб" га киритилган балиқларни ноқонуний овлашиб, табиатга 1 миллиард 25 миллион сўм зарар етказишди. Бу ҳолат вилоят Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси томонидан Поп туманида ўтказилган назорат тадбирида аниқланди.

Экополиция тезкор гуруҳи ходимларининг кечиктириб бўлмас, муҳим рейд-назорат тадбири давомида тоғли туманнинг Яккатут маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи Сирдарёдан тақиқланган ов қилиш воситаларидан фойдаланган ҳолда мингбулоқлик А. У, тўрақўрғонлик А. А. томонидан етти турдаги жами 31 дона балиқ ноқонуний тутилгани аниқланди. Қизиғи шундаки, уларнинг саккизтаси Ўзбекистон "Қизил китоби"га киритилган "Туркистон мўйлобдори" – шимбалиқ эканлиги тасдиқланди.

Ҳайвонот дунёсига электр токли қармоқ қўллаган ҳуқуқбузарларга нисбатан тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилди. Ҳозирда тўпланган материаллар, барча ашёвий далиллар прокуратурага юборилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири