Бозор барқарорлиги учун халқаро тажриба нега муҳим?
Тошкент шаҳрида Рақобат қўмитаси, АҚШ Савдо вазирлигининг Тижорат ҳуқуқини ривожлантириш дастури (CLDP) ҳамда Республика товар-хом ашё биржаси ҳамкорлигида “Товар бозорларини тартибга солиш ва фьючерс савдоси” мавзусида икки кунлик халқаро семинар бўлиб ўтди.
Семинарда оддий истеъмолчилар учун ҳам муҳим бўлган масалалар — бозорда нархларнинг шаклланиши, биржа савдоларининг қандай ишлаши, ҳисоб-китоб тизимлари, хавфларни бошқариш ва шаффофликни таъминлаш каби йўналишлар муҳокама қилинди.

Мутахассислар таъкидлаганидек, товар бозорлари қанчалик шаффоф ва адолатли бўлса, нарх-наво барқарорлигига, тадбиркорлар учун тенг имкониятлар ва аҳоли манфаатларининг ҳимоя қилинишига шунчалик хизмат қилади.

Шунингдек, халқаро экспертлар бозорни назорат қилиш, инвестор ва истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича ўз тажрибаларини ўртоқлашди. Бу эса Ўзбекистонда биржа тизимини янада такомиллаштириш ва замонавий савдо механизмларини жорий этишга замин яратади.
Бу семинар фақат мутахассислар учун эмас, балки бозордаги шаффофлик, адолатли рақобат ва нархлар барқарорлигидан манфаатдор бўлган ҳар бир фуқаро учун аҳамиятли мулоқот майдони бўлди.
Н.Раҳмонова, ЎзА