Божхонада очиқлик ва ишонч устувор
Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ташқи иқтисодий фаолият учун қулай шароитлар яратиш ва инвестициявий жозибадорликни ошириш Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.
Бу жараёнда божхона тизими фақат назорат қилувчи эмас, балки бизнеснинг ишончли ҳамкори сифатида фаолият юритмоқда. Хусусан, Тошкент вилояти божхона бошқармаси томонидан тадбиркорлар билан мунтазам ташкил этилаётган очиқ мулоқотлар, инфратузилмани модернизация қилиш ва рақамли хизматларни кенгайтириш ана шу мақсадларга хизмат қилмоқда.

Бошқарма томонидан ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари билан ўтказилаётган учрашувларда божхона расмийлаштируви, экспорт-импорт операциялари, логистика, имтиёзларни қўллаш, юкларни чегара орқали тезкор ўтказиш билан боғлиқ долзарб масалалар муҳокама қилиниб, тадбиркорлар таклифлари асосида аниқ чора-тадбирлар белгиланмоқда.

Бундай очиқ мулоқотлар ўзининг амалий самарасини иқтисодий кўрсаткичларда ҳам намоён этмоқда. Жорий йил бошидан бугунгача вилоят божхона бошқармаси томонидан 7,6 триллион сўмлик божхона тўловлари ҳисобланди. Шундан 2,7 триллион сўми тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида имтиёз сифатида тақдим этилди. Натижада давлат бюджетига 4,9 триллион сўм маблағ ўтказилиши таъминланди. Бу рақамлар давлат томонидан бизнесни рағбатлантириш ҳамда бюджет барқарорлигини таъминлаш вазифалари ўзаро уйғунликда амалга оширилаётганини кўрсатади. Тадбиркорлар мурожаатлари асосида чегара-божхона постларида хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, юклар ва йўловчилар ҳаракатини тезлаштиришга қаратилган ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Хусусан, реконструкция қилинган "Навоий" чегара-божхона постида замонавий кутиш заллари, транспорт воситалари учун алоҳида ҳаракат йўлаклари ташкил этилиб, постнинг ўтказувчанлик қуввати бир неча баробар оширилди. Энди бу ерда бир сутка давомида 15–20 минг нафаргача йўловчи ва 600–1000 та енгил автотранспорт воситасига хизмат кўрсатиш имконияти мавжуд. "Яллама" чегара-божхона пости ҳудудида барпо этилган замонавий божхона терминали ҳам ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун муҳим логистика марказига айланди. Бу ерда барча давлат назорати хизматларининг "Ягона дарча" тамойили асосида йўлга қўйилгани, кенг автотураргоҳ, омборлар, замонавий расмийлаштирув заллари ва сервис инфратузилмасининг мавжудлиги юкларни тезкор расмийлаштириш ва тадбиркорлар харажатларини қисқартириш имконини бермоқда.

Шунингдек, чегара ўтказиш пунктларида "Электрон навбат" тизимининг жорий этилиши ва йўлбўйи сервис инфратузилмасининг ривожлантирилиши ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун янада катта қулайликлар яратмоқда. Экспортни рағбатлантириш борасида ҳам амалий ишлар изчил давом этмоқда. Бошқарма мутахассислари ишлаб чиқарувчи корхоналар билан доимий мулоқот қилиб, маҳсулотларни қайта ишлаш орқали юқори қўшимча қиймат яратиш, экспорт ҳажмини ошириш ҳамда хорижий инвестициялардан самарали фойдаланиш юзасидан амалий кўмак кўрсатмоқда. Бунинг ёрқин мисоли сифатида "божхона ҳудудида қайта ишлаш" режими натижаларини келтириш мумкин. Жорий йил бошидан бери ушбу режимга қиймати 360 миллион АҚШ долларига тенг импорт хом ашёси жойлаштирилиб, қайта ишлаш натижасида 148 миллион АҚШ долларилик тайёр маҳсулотлар экспорт қилинди.
Бу мамлакатимизда юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва экспорт географиясини кенгайтиришга хизмат қилмоқда. Муҳими, Тошкент вилояти божхона бошқармасида тадбиркорлар мурожаатлари расмий тартиб-таомил сифатида эмас, балки ислоҳотларни янада такомиллаштиришга хизмат қиладиган амалий таклиф сифатида баҳоланмоқда. Ана шундай ёндашув божхона тизими самарадорлигини ошириш, тадбиркорлар ишончини мустаҳкамлаш ва мамлакат иқтисодиётининг барқарор ўсишига муносиб ҳисса қўшишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
А. Мусаев, ЎзА.