Божхона хизмат итлари тақдирланди
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасида хизмат қилаётган тўрт оёқли ҳамкорлар — “Джуди” ва “Зара” лақабли хизмат итлари “Миллий кинология марказининг 30 йиллиги” муносабати билан таъсис этилган кўкрак нишонлари билан тақдирланди.
Хусусан, “Довут-ота” чегара божхона постининг кичик инспектор-кинологи А.Пурханатдиновга бириктирилган “Джуди” ҳамда “Қорақалпоғистон” темир йўл чегара божхона постининг кичик инспектор-кинологи С.Уралов билан хизмат олиб бораётган “Зара” ўз вазифаларига масъулият билан ёндашиши ва эришган натижалари билан эътирофга сазовор бўлди.

“Джуди”— портловчи моддаларни аниқлашда, “Зара” эса гиёҳвандлик воситаларини қидиришда ихтисослашган. Лабрадор зотига мансуб “Джуди” ва малина зотидаги “Зара” божхона назорати жараёнларида ўзининг сезгирлиги, ҳушёрлиги ва пухта тайёргарлиги билан муҳим вазифаларни бажариб келмоқда.

Таъкидлаш жоизки, хизмат итлари божхона органларининг ишончли кўмакчиларидан бири ҳисобланади. Уларнинг ёрдами билан тақиқланган моддаларни аниқлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда мамлакатимиз хавфсизлигини таъминлашга салмоқли ҳисса қўшилмоқда.
Кинолог ва хизмат ити ўртасидаги ишонч, тинимсиз машғулотлар ва ўзаро ҳамжиҳатлик самарали хизматнинг асосидир. “Джуди” ва “Зара”нинг тақдирланиши эса ана шу меҳнат ва фидойиликка берилган муносиб баҳодир.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири