Божхона тизими такомиллашмоқда
26 январь — Божхона хизмати ходимлари куни
Замон талабига мос ёндашув натижасида бугунги кунда божхона хизматининг барча тизимларида ҳам нақдни, ҳам вақтни тежаш имкониятлари ошиб бормоқда. 2022 йилнинг апрель ойидан Самарқанд вилояти божхона бошқармаси маъмурий биносида иш бошлаган “Масофавий электрон декларациялаш” божхона пости ҳам ана шундай имкониятлардан бири. Президентимиз топшириғига асосан босқичма-босқич божхона юк декларациясини расмийлаштириш жараёнини масофавий электрон тизимга ўтказиш борасида бошланган ислоҳотлар Самарқанд вилояти божхона бошқармасида биринчилардан бўлиб ташкил этилган эди.
[gallery-10370]
– “Масофавий электрон декларациялаш” божхона пости фаолияти йўлга қўйилиши, энг аввало, тадбиркорлик субъектларининг самарали фаолиятига замин яратди, – дейди Самарқанд вилояти божхона бошқармаси “Масофавий электрон декларациялаш” божхона пости бош инспектори Аъзам Ҳаққулов. – Бу тизим тадбиркорнинг вақтини тежайди, экспорт ва импорт операцияларини бир неча дақиқаларда амалга оширишга имкон яратади ҳамда божхона соҳасини коррупциядан холи тизимга айлантиришга хизмат қилади. Ушбу постда 22 нафар ходим вилоятимиз тадбиркорлик субъектлари томонидан тўлдирилаётган божхона юк декларацияларини назоратдан ўтказиб келаяпмиз. Бир кунда ўртача 300 донага яқин божхона юк декларацияси кўриб чиқилади. Ушбу постни ташкил этишдан мақсад тадбиркорлик субъектларига олиб кирилаётган ёки олиб чиқилаётган маҳсулотларни тезкор, жаҳон стандартларига мос тарзда божхона расмийлаштирувидан ўтказиш шароитини яратишдан иборат. Шунингдек, божхона тизими фаолиятини халқаро стандартлар талаби асосида шакллантириш кўзда тутилган.
Мазкур тизим юртимиз божхоначилари томонидан халқаро тажрибалар асосида яратилган бўлиб, тақдим этилган ҳужжатлар тоифасига қараб белгиланган вақт оралиғида божхона юк декларациясини масофавий электрон расмийлаштириш имконини беради. Натижа кутилганидек ижобий кўрсаткичлари билан эътиборни тортмоқда.
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизматидан олинган маълумотларга кўра, 2022 йилнинг тизим ишга туширилган даври мобайнида “Масофавий электрон декларациялаш” божхона пости томонидан 64026 дона божхона юк декларацияси расмийлаштирилган. Эътиборлиси, шундан 17724 донаси, яъни 27,6 фоизи экспорт божхона режими ҳиссасига тўғри келади. Мазкур божхона пости томонидан ўтган йил давомида 2564,7 миллиард сўм божхона тўловлари давлат бюджетига ундирилган.
Замон талабига мос ривожланиш ҳар бир соҳа тараққиётига хизмат қилади. Халқаро тажрибалардан унумли фойдаланган ҳолда амалиётга татбиқ этилаётган янгиликлар божхона хизматини ҳам жаҳон стандартларига мос ривожланишини таъминлайди.
Ғ.ҲАСАНОВ,
А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА