Божхона: тадбиркорлар билан очиқ мулоқот
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасида ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари билан учрашув ўтказилди.
Унда иштирокчиларга ваколатли иқтисодий оператор мақоми, уни олиш талаблари, мазкур мақомнинг афзалликлари ҳамда қонунчиликдаги сўнгги янгиликлар ҳақида маълумот берилди.
Учрашувда Божхона қўмитасининг Тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш бошқармаси масъул ходимлари иштирокчиларга ваколатли иқтисодий оператор мақомини олиш учун белгиланган талаблар, ушбу мақом доирасида тақдим этиладиган имкониятлар ҳамда божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш механизмларини тушунтирдилар. Шунингдек, тадбирда ҳудудий Бизнес-омбудсман, Савдо-саноат палатаси, Марказий банк ҳамда Солиқ қўмитасининг вакиллари иштирок этиб, давлатимиз раҳбарининг "Ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорликларни қисқартиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида" ги фармони мазмун-моҳияти ва амалдаги тартиб тамойиллар муҳокама қилинди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 4 августдаги “Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 24 августдаги қарори билан тасдиқланган Ваколатли иқтисодий операторлар тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қарори билан “Ваколатли иқтисодий операторлар тўғрисида”ги низомнинг янги таҳрири қабул қилинди. Ушбу низом билан тадбиркорлар учун божхона чегарасидан устувор тартибда ўтиш, бошқа ваколатли вазирлик ва идоралар томонидан бериладиган сертификатларни устувор кўриб чиқиш, ҚҚСни қайтариш жараёнларини тезлаштириш, шунингдек, экспорт-импорт операцияларини янада соддалаштиришга қаратилган имкониятлар ҳақида маълумот берилди.

Учрашув давомида бир қатор тадбиркорлар ваколатли иқтисодий оператор мақомига эга бўлишга қизиқиш билдирдилар. Жумладан, “Тўрткўл шиша идишлари” масъулияти чекланган жамияти ва “United Kapital” хусусий корхонаси томонидан ваколатли иқтисодий оператор мақомини олиш учун аризалар тақдим этилди. Айни пайтда мазкур аризалар белгиланган тартибда кўриб чиқилмоқда.
Шунингдек, учрашувдан сўнг Божхона қўмитасининг масъул ходимлари ваколатли иқтисодий оператор мақомини олиш учун ариза тақдим этган “United Kapital” ун маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Бундай очиқ мулоқотлар тадбиркорлар учун қонунчиликдаги янги имкониятларни тўғри англаш, божхона тартиб-таомилларидан самарали фойдаланиш ҳамда ташқи иқтисодий фаолиятни янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири