Божхона қонунчилиги такомиллаштирилмоқда
1997 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексига бугунги кун талабларини ҳисобга олган ҳолда ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
1997 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексига бугунги кун талабларини ҳисобга олган ҳолда ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Бунинг самарасида тадбиркорликни ривожлантириш, бизнес субъектларининг ташқи иқтисодий фаолият салоҳиятини ошириш учун қўшимча қулай шароитлар яратилади.Пойтахтимизда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси ва бошқа идоралар билан ҳамкорликда ташкил этилган давра суҳбатида шу ҳақда сўз юритилди. Тадбир янги таҳрирдаги Божхона кодекси лойиҳаси муҳокамасига бағишланди.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси А.Шайхов мамлакатимизда ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини янада яхшилаш, бизнес юритиш шароитларини баҳолашнинг жаҳон амалиётида умумэътироф қилинган тизимини жорий этиш ишлари амалга оширилаётганини таъкидлади. Мазкур чоралар аввало экспорт-импорт ва божхона тартиботлари самарадорлигини янада оширишга қаратилган. Янги таҳрирдаги кодекс Ўзбекистон ҳудудида божхона назорати, товар айланмаси, ташқи савдо операцияларини амалга ошириш, ички бозорни сифатсиз маҳсулотлардан ҳимоя қилишни тартибга солишда муҳим аҳамият касб этади.
Давра суҳбатида янги таҳрирдаги кодексда 1999 йилги Божхона таомилларини соддалаштириш ва уйғунлаштириш тўғрисидаги халқаро конвенция, 1990 йилда қабул қилинган Вақтинча олиб кириш тўғрисидаги халқаро конвенция, Европа Иттифоқи ва МДҲга аъзо мамлакатлар божхона кодекслари, шунингдек, миллий божхона қонунчилигининг стандарт ва нормалари ҳисобга олингани таъкидланди. Янги таҳрирдаги ҳужжатда божхона қонунчилигини қўллашни соддалаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Божхона кодекси ва “Бож тарифи тўғрисида”ги қонун норма ва талаблари умумлаштирилади. Бугунги кунда кодекс лойиҳаси 12 бўлим, 52 боб ва 511 моддадан иборат бўлиб, унда асосий атама ва тушунчалар кенгайтирилган.
Янги Божхона кодексида товарни олиб киришдан то муайян божхона режимига жойлаштиришга қадар кўплаб масалалар тартибга солинади. Божхона органлари томонидан божхона брокери ва ташувчиси сифатида фаолият юритишга рухсат берувчи ҳужжатлар бериш, божхона назорати остидаги товарларни сақлаш ва сотиш, уларни қайта ишлашга доир аниқ механизм белгилаб қўйилади. Шунингдек, божхона органлари, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари, мазкур соҳада фаолият юритаётган бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ мустаҳкамлаб қўйилади.
Лойиҳа божхона органларига керакли маълумотларни электрон усулда топшириш учун ахборот технологияларидан кенг фойдаланишни назарда тутади. Бу ҳужжатлар алмашинуви, божхона тартиботларини соддалаштириш, керакли ҳужжатларни тўплаш ва тақдим этиш билан боғлиқ харажатларни қисқартириш имконини беради. Масалан, божхона расмийлаштируви учун керакли ҳужжатлар, жумладан, божхона декларацияси электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда электрон шаклда тақдим этилиши мумкин.
– Янги ҳужжатнинг асосий мақсадларидан бири – ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш тартибини эркинлаштиришдир, – дейди Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси Божхона назоратини ташкил этиш бош бошқармаси бош инспектори Жамшид Қодиров. – Кодекс лойиҳасида ташқи иқтисодий фаолият субъектлари ҳуқуқларининг устуворлиги принципи мустаҳкамлаб қўйилган. Божхона тўловларини амалга оширишда қўлайликлар яратиш мақсадида тадбиркорлик субъектларига суғурталаш ва кафиллик шартномалари жорий қилинди. Ҳужжатнинг алоҳида бўлими божхона органлари томонидан интеллектуал мулк ҳуқуқлари ҳимоя қилинишига бағишланган.
Янги таҳрирдаги Божхона кодексини муҳокама этиш, таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш мақсадида мамлакатимиз бўйлаб депутатлар, сенаторлар, вазирлик ва идоралар, олий таълим муассасалари вакиллари, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари, хусусан, хорижий сармоядорлар, тадбиркорлар ва божхона брокерлари иштирокида давра суҳбатлари, семинар ва учрашувлар ўтказилди.