Божхона брокери – тадбиркорга кўмакчи
Истиқлол йилларида замонавий инфратузилмага эга ўзбек божхона хизмати шакллантирилгани самарасида мамлакатимиз иқтисодий суверенитети ишончли ҳимоя қилиниб, давлатимизнинг иқтисодий қудрати мустаҳкамланмоқда.
Истиқлол йилларида замонавий инфратузилмага эга ўзбек божхона хизмати шакллантирилгани самарасида мамлакатимиз иқтисодий суверенитети ишончли ҳимоя қилиниб, давлатимизнинг иқтисодий қудрати мустаҳкамланмоқда. Соҳанинг ҳуқуқий асоси босқичма-босқич такомиллаштирилиб, замонавий тизимлар амалиётга изчил татбиқ этилаётир.Бу жиҳатларни 2016 йил 22 апрелдан кучга кирган янги таҳрирдаги Божхона кодекси асосида божхона брокери хизматининг ҳуқуқий мақомга эга бўлганида ҳам кўриш мумкин. Янги кодексда божхона брокерининг фаолият механизмлари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари аниқ белгилаб қўйилди. Унга кўра, божхона брокерининг фаолияти декларантнинг ёки ваколатли шахснинг топшириғига кўра ва унинг номидан божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ божхона операцияларини амалга оширишдан иборат.
Божхона брокери билан уни вакил қилган шахснинг ўзаро муносабатлари шартнома асосида йўлга қўйилади. Брокернинг божхона органлари олдидаги ҳуқуқлари ва мажбуриятлари уни вакил қилган шахс билан тузилган шартномада чеклаб қўйилиши мумкин эмас.
Бизнесда вақт – катта бойлик. Шу нуқтаи назардан, божхона брокерлари фаолияти, аввало, тадбиркорларнинг чегарадан товарлар ва транспорт воситалари олиб ўтишдаги божхона расмийлаштируви жараёнидаги қимматли вақтини тежашга хизмат қилади. Айни пайтда улар товар айирбошлашни тартибга солиш, божхона органлари олдига қўйилган вазифаларни бажаришда муҳим ёрдамчи тузилма ва янги тадбиркорлик субъекти сифатида намоён бўлаётир. Брокерларнинг қонунчиликни мукаммал билиши ва амалда тўғри қўллай олиши ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари ишини енгиллаштиради. Бу билан божхона тизимида хато ва камчиликлар камаяди, божхона тўловлари тўғри ва тўлиқ ундирилишига эришилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 25 июлдаги “Божхона брокери сифатидаги фаолиятни амалга ошириш учун рухсат бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори соҳадаги ишларни янада ривожлантиришга қаратилган. Мазкур низом 2016 йил 2 ноябрдан кучга кирди. Давлат божхона қўмитасининг ҳудудий божхона бошқармаларида ушбу қарор моҳиятини ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига етказиш учун мунтазам йиғилишлар, давра суҳбатлари ва семинарлар ўтказилмоқда.
Низомга кўра, божхона брокери сифатида фаолиятни амалга оширишга рухсатнома олиш учун юридик шахс штатида божхона расмийлаштируви бўйича тегишли малака аттестатига эга камида икки мутахассис бўлиши ва божхона тўловлари тўланишини таъминлаши лозим. Ҳужжатлар ариза берувчи учун исталган қулай шаклда (шахсан олиб бориш, почта жўнатмаси ёки интернет орқали) тақдим этилиши мумкин. Олинган рухсатнома бошқа шахсга берилмайди. Аризани кўриб чиққанлик, қайта расмийлаштирганлик, рухсатномани ва унинг дубликатини берганлик учун божхона йиғими ундирилмайди.
Айни пайтда Давлат божхона қўмитаси фаолият юритувчи барча божхона брокерига тегишли рухсатномаларни берган. Бу жараёнда зарур ҳужжатларни топшириш босқичларида қатор енгилликлар яратилган. Энди божхона брокери сифатида фаолиятни амалга оширишга рухсатнома олиш учун зарур ҳужжатлар Давлат божхона қўмитасига тақдим этилгач, қўмита ходимлари уни ўн иш кунида кўриб чиқади. Қўмита рухсатномани белгиланган шаклда ва амал қилиш муддати чекланмаган ҳолда бермоқда.
Божхона брокерлари ҳақидаги ахборот қўмитанинг расмий веб-сайти – customs.uz нинг Очиқ маълумотлар бўлими ва Давлат очиқ маълумотлар порталига жойлаштирилган бўлиб, мунтазам янгилаб борилмоқда.
Давлат божхона қўмитасидан маълум қилишларича, айни пайтда мамлакатимизда 670 дан зиёд божхона брокери рўйхатдан ўтказилган.
2009 йили мамлакатимизда илк бор Божхона брокерлари уюшмаси ташкил этилди. Уюшманинг мақсади – ўз аъзоларининг тадбиркорлик фаолиятини мувофиқлаштириш, уларнинг божхона ва бошқа давлат органлари билан ҳамкорлигини таъминлаш, умумий мулкий манфаатларини ифодалаш ва ҳимоялашдан иборат.
Тошкент шаҳридаги «Bек Broker» МЧЖ 1999 йили ташкил топган. Миллий божхона брокерлари оиласининг дастлабки аъзоларидан бўлган бу корхона ўша вақтда янги форматдаги хизмат кўрсатишни – мижозлар билан ишлашда замонавий бизнес моделни Ўзбекистон бозорига биринчилардан бўлиб таклиф этди. Унга кўра, мижоз иш жойидан ташқарига чиқмаган ҳолда, фақат шартнома ва ишончнома бериб, божхона расмийлаштирувига алоқадор барча ишни брокер зиммасига юклайди. «Bек Broker» мутахассислари юкни божхона терминалидан қабул қилиб олишдан сертификатлаштириш, саралаш, қайта қадоқлаш, божхона кўриги ва расмийлаштирувигача бўлган ишларни амалга оширади. Якунда ҳар томонлама тайёр юк мижоз айтган жойга етказиб берилади.
Дастлаб «Бритиш Американ Тобакко Ўзбекистон», сўнг «Coca-Cola Ichimligi O'zbekiston LTD.», «Nestle O'zbekiston» қўшма корхоналари ва яна қатор компаниялар билан шартномалар тузилди. Йиллар ўтиб, фаолият кўлами кенгайди: корхона ходимлари сони 25 нафарга етди, Самарқанд, Бухоро, Қарши, Нукус ва Қўнғирот шаҳарларида шўъба корхоналари иш бошлади. Сўнгги йилларда «Bек Broker» «Lukoil Uzbekistan Operating Company» МЧЖ, «Uz-Kor Gas Chemical» қўшма корхонасининг йирик лойиҳаларида қатнашиб, брокерлик хизматини кўрсатди.
– Мамлакатимизда божхона назорати ва расмийлаштируви жараёнини соддалаштириш, соҳага ахборот-коммуникация технологиялари ва интерактив хизматларни кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани биз, брокерларга катта қулайлик ва имкониятлар яратмоқда, – дейди «Bек Broker» МЧЖ бош директори ўринбосари Ҳусниддин Азимов. – Айниқса, 2013 йилдан товарларни электрон шаклда расмийлаштириш йўлга қўйилиши билан ортиқча қоғозбозлик, келиб-кетиш ёки навбат кутишга вақт йўқотишдек ҳолатлар, айрим бюрократик тўсиқлар бутунлай барҳам топди. Янги таҳрирдаги Божхона кодекси кучга кириши билан брокерлар ўртасидаги рақобат янада кучайди. Бугун ўз фаолиятини янгича мезонлар ва замонавий асосда йўлга қўймаган, бир кун ўз устида ишламаган тадбиркор бизнесда кўп нарса йўқотиши аниқ. Шу боис ҳозир Давлат божхона қўмитаси ва Божхона брокерлари уюшмаси билан ҳамкорликда божхона расмийлаштируви жараёнини янада тезлаштирадиган ва осонлаштирадиган янги бизнес модель лойиҳаси устида ишламоқдамиз.
Пойтахтимиздаги «Carpe Diem» МЧЖ беш йилдан буён ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига божхона расмийлаштирувига оид брокерлик хизматини кўрсатиб келмоқда. 2016 йили «Сирдарё Керамик Продакшн» Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонасига кафель ишлаб чиқариш линиясини олиб келишда божхона расмийлаштирувига оид операциялар ўтказилди.
– Биринчи Президентимиз Ислом Каримов белгилаб берган асосий ва муҳим вазифа – мамлакатимизда 2030 йилга қадар ялпи ички маҳсулот ҳажмини икки баробардан зиёд кўпайтиришга эришиш борасидаги кенг қамровли ислоҳотлар брокерлик хизмати ривожига ҳам кенг йўл очмоқда, – дейди «Carpe Diem» МЧЖ директори Миродил Қосимов. – Келгусида корхонамизда хизматлар сони ва сифатини янада ошириш, жумладан, экспортга жалб қилинган тадбиркорларимизга чет эллик ҳамкорлар топишда кўмаклашувчи маркетинг бўлими ташкил қилишни, аутсорсинг хизмати (бир компания ўз вазифасининг маълум қисмини бажариш учун бошқа фирмани ёллаши) орқали хорижий компаниялар билан ҳамкорлик қилишни режалаштирганмиз.
Бир сўз билан айтганда, божхона брокерлари тадбиркорларнинг ташқи иқтисодий фаолиятида яқиндан ёрдам бермоқда ва ўзи ишбилармонлик билан машғул бўлаётир. Бу нафақат божхона ишларини енгиллаштиришга, балки давлатимиз иқтисодий қудратини юксалтириш, янги иш ўринлари ташкил этиш, аҳоли фаровонлигини оширишга ҳам хизмат қилмоқда.