Бойсунда матбуот анжумани
Бойсунда "Бойсун баҳори" халқаро фольклор фестивалига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Вилоят ҳокимлиги, вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар, маданият бошқармалари ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда марказий, маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар иштирок этди.
Анжуманда Сурхондарё вилоят ҳокими ўринбосари, вилоят туризм бошқармаси бошлиғи Жўрабек Тўраев, вилоят маданият бошқармаси бошлиғи Шерали Норматов "Бойсун баҳори" халқаро фольклор фестивалига кўрилган тайёргарлик ишлари, шаҳар ва туман қўрғонларини миллий услубда жиҳозлаш, дунё фольклор ҳамда миллий халқ ўйинлари ва томоша санъати ижрочилари кўрик-танловини юксак савияда ўтказиш, миллий қадрият ва анъаналаримизни кенг тарғиб қилишга қаратилаётган эьтибор ҳақида сўз юритди. Халқаро фестивални ташкил этишда бу йил юз берган ўзгаришлар, хорижий давлатларнинг қизиқишлари тўғрисида фикр юритилди.
[gallery-17243]
Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Муродбек Давлатов, вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи Заҳириддин Тўраев фестивални юқори савияда ёритиш учун журналистлар ҳамда ижтимоий тармоқ фаолларига яратилган қулайликлар хусусида маьлумот берди.
Фестивалда 40 дан ортиқ давлатдан 150 га яқин делегация аъзоси ва халқаро ташкилотлар вакиллари, санъаткорлар, фольклор, миллий халқ ўйинлари, томоша санъати мухлислари иштирок этмоқда. Халқаро танловда хорижнинг 16 та ва мамлакатимизнинг 15 та жамоаси, яккахон хонандалари қадимий куй-қўшиқларни ижро этаётир. Уларнинг маҳоратини халқаро ҳакамлар ҳайъати холисона баҳоламоқда.
Анжуманда журналист ва блогерларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берилди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири