“Бойсун баҳори”: дунёни забт этадиган қуроқ кўрпа
Миллионлаб қалбларни забт этган “Бойсун баҳори” халқаро фольклор фестивали 2026 йилда ўзининг навбатдаги ўн учинчи мавсумини бошлайди. Бу йилги фестиваль Сурхондарёнинг бетакрор манзаралари оғушида ҳақиқий маданият ва маънавият байрамига айланади.
Жорий йилнинг 1-7 май кунлари ўтадиган фестивалда 40 дан ортиқ давлатдан 100 дан зиёд фольклор жамоалари иштирок этиши кутилмоқда.
Айтиш керак, бу йилга фольклор фестивали мазмун жиҳатдан аввалгиларидан янада бойитилган. Сурхондарёликлар креатив ёндашиб, фестивалга ўзгача янгиликлар, кутилмаган совғалар тайёрлашган. Фестивалда ҳар бир ҳудудга оид қўрғонлар ташкил этилади. Унда ҳудуднинг ўзига хослиги, бой тарихи, таомлари, ҳунармандчилик намуналари ва анъаналари намойиш этилади.

Фестиваль доирасида фольклор жамоалари чиқишлари, миллий спорт ўйинлари, ҳунармандчилик кўргазмалари, концерт дастурлари сценарийси янада бойитилган. Айниқса, майдоннинг кириш қисмида ташкил этилаётган миллий мавзули йўлаклар тадбирга ўзгача шукуҳ, байрамона кайфият бағишлайди. Узунлиги 180 метрни ташкил этган ушбу йўлаклар саккиз хил миллий тематикани акс эттиради. Амалий санъат ва ҳунармандчилик намуналари, турли аксессуарлар жой олади. Бойсун дўпилари, дап (доира), лаганлар, адрас, атлас матолари кетма-кетликда ушбу йўлакларга жойлаштирилмоқда.

Бу йилги фестивалга бойсунлик ҳунармандлар дунёда ўхшаши йўқ, рекорд даражадаги қуроқ кўрпани тикиб бўлишди. Узунлиги 33 метр, эни 5 метрдан зиёд маҳобатли қуроқ кўрпа олти ой мобайнида Назокат Собирова бошчилигидаги 12 нафар ҳунарманд томонидан тикилди. Икки ярим сантиметр ҳажмдаги мато қирқимлари асосида улаб тикилган ушбу санъат асари ўзбек миллий ҳамда Марказий Осиёдаги барча қуроқ услублари асосида яратилди. Айтиш керак ўтган фестивалда Назокат Собирова бошчилигидаги ҳунармандлар 22 метрлик қуроқ кўрпани тикишган эди. Бу галгиси ундан анча катта.
Бир сўз билан айтганда, фестивални янада шукуҳли ўтказиш учун вилоятда катта тайёргарлик кўрилмоқда. Мақсад – юртдошларимиз ва хорижлик меҳмонлар қалбида унутилмас таассурот қолдириш.
Барчани ушбу фестивалга чорлаб қоламиз.
Наргиза РАҲМАТУЛЛАЕВА,
Республика Маънавият ва маърифат маркази
Сурхондарё вилояти бўлими раҳбари.
ЎзА