Боёвутда иккита МФЙ янги бинода иш бошлади
Бозор механизмларининг ривожланиб бориши натижасида давлат ва хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида янги иқтисодий муносабатлар шаклланиб бориши табиий ҳол. Бу каби иқтисодий муносабатларнинг ривожланган мамлакатлар амалиётидаги бир кўриниши бу давлат ва хусусий тармоқлари ўртасидаги шерикчилик муносабатидир.
Мамлакатимизда ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантириш, айниқса соғлиқни сақлаш, мактабгача ва умумий ўрта, профессионал ва олий таълим соҳаларига давлат-хусусий шерикчилик муносабатлари жорий этилмоқда.

Боёвут туманида эса бу фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш ишларида намоён бўлмоқда.

Туман ҳокимининг қарори билан ташаббускор тадбиркорга давлат-хусусий шерикчилик асосида «Қарапчи» ва «Янги авлод» маҳаллалари учун идора биноси, меҳнат гузари ташкил қилиш шарти билан ер майдони ажратилган эди. Қисқа муддатда қуриб битказилган 2 қаватли бинода маҳаллалар учун алоҳида хоналар ажратилган.“Қарапчи” маҳалла фуқаролар йиғинини бўлиш йўли билан янгидан маҳалла фуқаролар йиғини ташкил этиш масаласи 2020 йил декабр ойида халқ депутатлари туман Кенгаши томонидан кўриб чиқилган бўлиб, тегишли қарор асосида «Янги авлод» маҳалла фуқаролар йиғини ташкил этилган.
Мазкур биноларнинг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Маълумот учун, қарор билан белгиланган мажбуриятга кўра, МФЙ учун ажратилган хоналар маҳаллалар балансига беғараз ўтказиб берилади.
Ш.Суяров, Ф.Тошматов (сурат), ЎзА