Боёвутда экспортчи корхоналар салоҳияти ортмоқда
Сирдарё вилоят инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бу ҳудудларда экспорт салоҳиятини ошириш, экспортчи корхоналар фаолиятига кўмаклашиб, уларнинг мавжуд муаммоларини бартараф этишда амалий ёрдам кўрсатмоқда.
Бугунги кунда Боёвут туманининг Маданият маҳалласи ҳудудида жойлашган «STELLA MODA» МЧЖ тикув трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан самарали шуғулланади.
Корхонада 400 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланган. Йиллик 3,5-4,0 млн. дона трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга. Асосийси, ишлаб чиқарилган маҳсулотлар хорижга экспорт қилинмоқда.

Бу каби корхоналарга кўплаб енгиллик ва имкониятлар яратиб берилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 7 майдаги “Экспорт фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ экспорт қилишда автомобиль, темир йўл ва ҳаво транспортида ташиш харажатларининг бир қисмини Экспортни рағбатлантириш агентлиги компенсация қилиши белгиланган. «STELLA MODA» МЧЖ ҳам белгиланган имтиёзлардан унумли фойдаланмоқда. Яъни, бугунги кунда агентлик томонидан корхонага транспорт харажатларининг бир қисми – 26 миллион сўм маблағ қоплаб берилди. Шунингдек, корхонанинг экспорт фаолиятида тўланган 1 056,0 миллион сўм қўшилган қиймат солиғини қоплаб берилишида мутасаддилар томонидан амалий ёрдам кўрсатилган.
Туманда умумий қиймати 315,0 миллиард сўм бўлган ип-калава ишлаб чиқарувчи “BOYOVUT COTTON TEXTILE” МЧЖ фаолиятининг биринчи босқичида 300 нафардан ортиқ аёллар ва ёшлар меҳнат қилмоқда. 5,8 гектар майдонда қад ростлаган корхона тўла қувватда ишга тушгандан сўнг 450-500 нафар фуқароларнинг бандлиги таъминланади. Корхона йиллик ўртача 6-7 миллион долларлик товар экспорт қилиш салоҳиятига эга бўлиб, йилига 20 минг тонна пахта толасини қайта ишлаш эвазига 15 минг тонна тайёр маҳсулот ишлаб чиқаради. Шундан қарийб 7,5 минг тоннаси чуқур қайта ишланган ип-калава ҳисобланади. Чуқур қайта ишланган ип-калава маҳсулотининг тан нархи юқори бўлиб, бугунги кун ҳолатига жаҳон бозорларида ўртача 7 доллар атрофида сотилмоқда. Бу ерда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар Туркия давлатига экспорт қилиниши режалаштирилган.
Вилоят инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси Экспорт салоҳиятини ошириш бўлими кўмаги билан мазкур корхона Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси билан ҳамкорликда амалга оширилиши режалаштирилган онлайн савдо платформасида иштирок этиб, ўз маҳсулотини Хитойга сотиш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.
Шуҳрат Суяров, ЎзА