Ботулизм ҳеч кимни аямайди
“Ботулизм – озиқ-овқат маҳсулотларидан заҳарланишнинг олдини олиш” ойлиги доирасида Хоразм вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳамда вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида Урганч шаҳридаги “Марказий деҳқон бозори”да профилактик рейд тадбирлари ўтказилди.
Тадбир давомида савдо фаолияти билан шуғулланувчи фуқаролар ва бозор харидорларига озиқ-овқат маҳсулотларидан заҳарланиш, хусусан, ботулизм касаллигининг олдини олиш бўйича тушунтиришлар берилди.

Шунингдек, уй шароитида тайёрланган, санитария талабларига жавоб бермайдиган консерва маҳсулотларини сотмаслик, бундай маҳсулотларни харид қилмаслик ва истеъмол қилмаслик юзасидан огоҳлантиришлар берилди.

–Бундай тадбирлар бутун вилоятимиз бўйлаб ўтказилмоқда, – дейди вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Ҳожиакбар Рустамов. – Бозорлар ва савдо комплекслари, ижтимоий объектлар, аҳоли гавжум жойларда, маҳаллалар ва хонадонларда назорат-профилактик ҳамда тарғибот тадбирлари амалга оширилмоқда. Ушбу тадбирларда нафақат озиқ- овқат, балки ёнғин хавфсизлиги, из газидан заҳарланиш, электр ва газ ускуналаридан тўғри фойдаланиш ҳақида ҳам талаблар тушунтирилмоқда.

Тадбир давомида муддати ўтган маҳсулотлар ҳам аниқланиб, улар расталардан олиб ташланди.
Шу сабабдан унутманг, озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилишда уларнинг сифати, сақлаш шароити ва яроқлилик муддатига албатта эътиборли бўлинг.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири