Бўстонлиқда кучли ёмғир оқибатлари бартараф этилмоқда
1 октябрь куни соат 19:30 ларда Тошкент вилоятининг айрим ҳудудларида кучли жала ёмғир ёғиши оқибатида Бўстонлиқ туманининг бир қатор ҳудудларида ёмғир сувлари тўпланиб, айрим хонадонларнинг ҳовли ва ертўлаларига сув кириши кузатилди.
Жумладан, С.Хондайлиқий, Хўжаобод, Уйенкулсой, Боғистон, Хумсон, Сижжак ва бошқа маҳаллаларда йўл ёқалари ҳамда айрим хонадонларда сув тўпланган.
Дастлабки ўрганишларга кўра, кучли ёғингарчилик билан бир қаторда, тоғолди ҳудудларидан ариқларга оқиб тушган шох-шабба ва турли чиқиндиларнинг сув ўтказиш йўлларини тўсиб қўйиши ҳам сув тўпланишига сабаб бўлган.
Ҳолат аниқланган заҳотиёқ Тошкент вилояти Фавқулодда вазиятлар бош бошқармаси ҳудудий бўлинмалари ҳамда тегишли хизматлар томонидан зарур куч ва воситалар жалб этилди. Хонадонлар ва кўчалардан сув чиқариш, ариқларни тозалаш, шунингдек, автомобиль йўлларида хавфсиз ҳаракатни таъминлаш чоралари кўрилди.

Айни пайтда ҳудудлардаги вазият мутасадди ташкилотлар назоратида. Сув ўтказиш иншоотлари, ариқлар ва йўл ёқалари қайта кўздан кечирилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш ишлари давом этмоқда.
А.Мусаев,ЎзА