Бошқарма бошлиғи ёшлар билан учрашди
Хоразм вилоят божхона бошқармаси бошлиғи Шавкат Тўраев Абу Райҳон Беруний номидаги Урганч давлат университети талабалари билан учрашди.
Очиқ ва самимий руҳда ўтган мулоқот давомида ёшларнинг фикр-мулоҳазалари, таклиф ва ташаббуслари тингланиб, уларни қизиқтираётган масалалар ҳамда дуч келаётган муаммолари ўрганилди, тегишли тушунтириш ва тавсиялар берилди.

Учрашувда божхона тизимининг мамлакат иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш, ташқи савдо жараёнларини тартибга солиш ҳамда тадбиркорлик субъектлари учун қулай шарт-шароитлар яратишдаги муҳим ўрни ҳақида батафсил маълумот берилди.

Шунингдек, божхона органларига хизматга қабул қилиш тартиби, номзодларга қўйиладиган талаблар, хизмат фаолиятининг ўзига хос жиҳатлари ҳамда ёш мутахассислар учун яратилаётган шарт-шароитларга алоҳида тўхталиб ўтилди.

Тадбир давомида ёшлар ҳузурида бошқармада хизмат қилаётган ёш божхона ходимига навбатдаги махсус унвон тантанали равишда топширилди. Бу эса ёшларда ушбу касбга бўлган қизиқишларининг янада ортишига сабаб бўлади.

Ёшлар билан бевосита мулоқот божхона хизматида ёш мутахассисларнинг ўрни ва истиқболларини кенг тарғиб этишга хизмат қилади.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири