Бош тик Она Ватан сўзин айтгали
Бош тик "Она Ватан" сўзин айтгали
Ватанни севмоқлик имтиҳондир бу!
Тонг ҳар кун қуёшни кузатар кўкка,
Қанотдир Гўрўғли шаҳди Ғиркўкка,
Нафс устида Руҳинг турса бас тикка,
Шахд эт, ўзлигингга абад қайтгали.
Шошил , "Бу – иймон!" сўзин айтгали.
Навоийдек зотга Хожа Аҳрор пир,
Олди Мирбарака дуосин Темур,
Жалолиддин учун Кубро - тожи нур,
Доим улгур, эй дўст, тавоб этгали
Улгур, улгур "Пирим!" сўзим айтгали.
“Қуръон” башар қалбин шаърий тобидир,
Инжил ҳам эзгулик файзиёбидир,
Она - Инсон меҳр устурлобидир
Сорилма келар, деб қутлуғ пайт ҳали,
Бошни тик "Эй Она!" сўзин айтгали.
Мактаб остони илмларнинг асл конидир,
Ҳаёт сенга берган зўр имконидир,
Болам, сен кетма илм деган нуқтадан,
Бўлсин азиз юртинг битта пайкали,
Бош тик “Она Ватан” сўзин айтгали!
Етар бу юрт тортган ҳасрат ва тутун,
Синоку манъ этди банг-тарёк ҳидин.
Қалбинг асра, ўғлон, ён, севгинг учун,
Бир даста гул қолсин ёрга тутгали,
Улгур, "О муҳаббат!", сўзин айтгали.
Деҳқон дон тикишдан кечикса, сўз йўқ,
Ошиқ ёр кутишдан кечикса, сўз йўқ,
Бомдод кун чиқишдан кечикса, сўз йўқ,
Десанг бир интиқ сўз қолсин,
Кечикма, "Ё Оллоҳ" сўзин айтгали.
Ватан меҳри
Парвоз этдим мен қушларга қўшилиб эркин,
Оқ булутлар пешонамни ўпдилар силаб.
Замин сеҳрин шунда қалбга жо этган эдим,
Оқ хирмондан ҳар ёқамга толалар улаб.
Ўзбекистон, зўр табаррук маъволар юрти,
Берунийлар, Хоразмийлар, Кубролар юрти,
Етти иқлим мафтун бўлган наволар юрти,
Ватан бирла миллатга жон фидолар юрти!
Янграганда чаманларда булбул овози,
Гуллар абад рақсда бунда, капалаклар маст.
Сир ва Жайхун – онам меҳри туташ дарёлар,
Қайга бормай, азиз нурлар жонимга пайваст.
Ўзбекистон, зўр табаррук маъволар юрти,
Бухорийлар, Фарғонийлар, Синолар юрти,
Етти иқлим мафтун бўлган наволар юрти,
Бизга мангу ижобатли дуолар юрти!
Ватан меҳри – хаёлларим узра биллур тож,
Ватан меҳри – орзуларим рамзи бебаҳо,
Ватан меҳри – иқболимнинг олтин калити,
Ватан меҳри – юрт кўкида чарх урган ҳумо!
Ўзбекистон, зўр табаррук маъволар юрти,
Улуғбеклар, Термизийлар, даҳолар юрти,
Етти иқлим мафтун бўлган наволар юрти,
Ватан бирла миллатга жон фидолар юрти!
Омон МАТЖОН,
Ўзбекистон халқ шоири