Бош прокуратурада юксак давлат мукофотлари топширилди
“Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” деган бош ғоя асосида Бош прокуратурада мустақиллигимизнинг 35 йиллигига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди.
Видеоконференция орқали ўтказилган тадбирда Президент Администрацияси масъул ходими, Бош прокуратура, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар, вилоятлар, Ҳарбий ва Транспорт прокуратуралари, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш жамоатчилик маркази, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда Мажбурий ижро бюроси ходимлари иштирок этди.
Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев тадбирни кириш сўзи билан очиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ва изчил ислоҳотлар натижасида том маънода эмин-эркин яшаш, ҳалол меҳнат қилиш, инсон учун яратилган неъматлардан хавотир ва ҳадиксиз баҳраманд бўлиш учун зарур шарт-шароитлар яратилганини таъкидлади.

Мазкур ислоҳотларга ҳамоҳанг равишда прокуратура органлари фаолияти ҳам такомиллашиб бораётганлиги қайд этилди.
Н.Йўлдошев прокуратура ходимларидан бугунги кун талабларига жавоб берадиган юксак касбий маҳорат, ҳалоллик ва фидойиликни намоён этиш, халқ манфаатларига садоқат билан хизмат қилиш зарурлигини таъкидлади.
Ўзбекистон Президентининг тегишли фармони билан прокуратура органлари ходимларининг бир гуруҳи Ватанимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланди. 9 нафар ходим “Содиқ хизматлари учун” ва “Шуҳрат” медаллари билан мукофотланди.
Тадбирда мукофотланганларга мазкур медаллар, шунингдек, Президентнинг тегишли фармони билан таъсис этилган “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги” эсдалик нишони ҳам ўз эгаларига тантанали равишда топширилди.

Бундан ташқари, жиноятчиликка қарши курашиш ва қонунийликни таъминлашга муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ ходимлар ҳам Бош прокурор томонидан рағбатлантирилди.

Тадбир сўнггида ушбу тизимда узоқ йиллар хизмат қилган фахрийлар давлатимизнинг мустақилликка эришиш йўлидаги машаққатлари, ўзлари босиб ўтган қийинчиликлар ҳамда Мустақиллик туфайли ҳозирда яратилган шарт-шароитлар ҳамда бу олий неъматнинг қадрига етиш лозимлиги ҳақида сўзлаб берди.
Н.Абдураимова, ЎзА