Бош прокуратурада янги тузилма иш бошлади
Мамлакатимизда аграр соҳани ривожлантириш, ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш борасида қатор ислоҳотлар ва ўзгаришлар жорий этилди. Бугунги кунда бу масала жуда катта аҳамият касб этмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 21 февралдаги “Ер участкаларидан фойдаланишда давлат назорати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ер участкаларидан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш соҳасида назоратни янада кучайтириш мақсадида прокуратура органларига катта ишонч билдирилган ҳолда, тизим зиммасига қўшимча вазифалар юклатилди.
Шу боис Бош прокурорнинг 2022 йил 10 мартда “Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Ер ресурслари талон-торож қилинишининг олдини олиш бошқармаси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғи қабул қилинди.
Унга кўра, Бош прокуратура таркибида 8 та штат бирлигидан иборат бўлган Ер ресурслари талон-торож қилинишининг олдини олиш бошқармаси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокуратураларида эса умумий сони 56 та штат бирлигидан иборат бўлган Ер ресурслари талон-торож қилинишининг олдини олиш бўлимлари ташкил этилди.
Бошқарма ер ресурслари талон-торож қилинишининг олдини олишга оид қонунчилик ижроси устидан назоратни ташкил этади ва амалга оширади.
Ер ажратиш борасида қонунчилик талабларига, шу жумладан, Ер кодексида белгиланган талабларга қатъий риоя қилинишини таъминлаш юзасидан доимий назоратни олиб боради.
Ердан оқилона фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш, геодезия ҳамда картография фаолиятини такомиллаштириш, давлат кадастри юритишни тартибга солишда қонунчилик ҳужжатларига риоя этилиши устидан назорат юритади.
Ер майдонларини ўзбошимчалик билан эгаллаш ва улардан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини барвақт аниқлаш ва олдини олиш чораларини кўриш, мазкур ҳолатлар бўйича аҳоли ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан юборилган фотосурат ва видеоёзувларни қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда кўриб чиқилишини таъминлайди.
Соҳада ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларга нисбатан жазонинг муқаррарлиги таъминланиши устидан қатъий назорат ўрнатилади.
Ер ресурслари талон-торож қилинишининг олдини олиш соҳасида қонунийлик аҳволи ва прокурор назорати амалиётини мунтазам таҳлил қилиш, тизимли камчиликлар, қонун бузилиши ҳолатларининг олдини олиш чоралари кўрилади.
Шунингдек, ҳуқуқий нормаларнинг ўзбошимчалик билан, субъектив тарзда, танлов асосида талқин қилиниши ҳамда коррупцияни келтириб чиқарувчи омилларни аниқлаш ҳамда бунга имкон берган сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш чораларини кўриш масалалари бўйича тизим ходимлари изчил ишлар олиб боради.
Н.Абдураимова, ЎзА