Бош ҳисобчи жавобгарликка тортилди
Ғозғон шаҳрида Навоий вилоят Адлия бошқармаси томонидан ўтказилган “Ҳуқуқий тарғибот куни” тадбирларида Мармаробод маҳалласида яшовчи Феруз Рамазонов 2-умумтаълим мактабида тарих фанидан дарс берувчи келини Гулгул Акромовага “декрет” пули берилмаганлигидан норози бўлиб шикоят қилди.
Шунингдек, тадбирда Шайхон маҳалласида яшовчи Маърифат ая Ҳожиева ҳам 1-умумтаълим мактабида информатика фанидан ўқитувчилик қилаётган қизи Муборак Ҳамроевага ҳам ҳомиладорлик ва туғруқ таътили пули берилмаганини, 1-умумтаълим мактабида ўт ёқувчиси вазифасида ишлаб келаётган Жонизоқ Шарипов эса ойлик маоши ҳамда унга юклатилган қоровуллик вазифаси учун ҳақ тўланмаётгани юзасидан мурожаат қилди.
– Ўрганишлар жараёнида барча мурожаатларга ижобий ечим топилди, – дейди Ғозғон шаҳар адлия бўлими бошлиғи Отабек Улуғов. – Ҳужжатлар текширилганда, барча ходимларга буйруқлар ўз вақтида чиқарилган. Аммо шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлимининг бош ҳисобчиси буйруқлар ижросини ўз вақтида таъминламаган. Натижада мазкур қонунбузарлик ҳолатига адлия тақдимномаси билан чек қўйилди. Тарих фани ўқитувчиси Гулгул Акромовага 4 миллион 853 минг сўм, информатика фани ўқитувчисига Муборак Ҳамроевага 2 миллион 738 минг сўм, мактаб қоровули Жонизоқ Шариповга 1 миллион 204 минг сўм тўлаб берилди.
Бош ҳисобчи эса йўл қўйган қонунбузарлиги учун жавобгарликка тортилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири