“Бор меҳримиз сенга болажон”
Қашқадарё вилоят қон қуйиш марказида “Адолат” социал-демократик партияси томонидан “Бор меҳримиз сенга болажон” шиори остида донорлик акцияси ўтказилди.
Акцияда вилоят ички ишлар бошқармаси, соғлиқни сақлаш, таълим, солиқ ва темир йўл соҳалари ходимлари, партия фаоллари ҳамда депутатлар фаол иштирок этди.

Ички ишлар бошқармаси поликлиникаси раҳбари Нилуфар Абраеванинг таъкидлашича, барча туманлардан ички ишлар ходимлари акцияда ихтиёрий иштирок этиб, онкология ва гематология марказларида даволанаётган болалар учун қон топширди.

Партиянинг вилоят Кенгаши раиси Руиддин Рауповга кўра, донорлик кенг қулоч ёйиб, давлат идоралари ва жамоатчилик томонидан ҳам қўллаб-қувватланмоқда. Бу инсонпарварлик ва инсонийлик рамзи сифатида қаралмоқда.
“Адолат” партияси ташаббуси билан амалга оширилаётган бундай хайрли ишлар орқали болажонларнинг ҳаётини сақлаб қолишдек эзгу мақсад кўзланган.

Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири