Болажонларга байрам совғалари улашилди
Имконияти чекланган 280 ўғил-қиз тарбияланаётган мазкур муассасада “КНАУФ” хорижий компанияси вакиллари ҳам бўлди.
Саховат, меҳр қалбга қувват бағишлайди. Янги йил арафасида Бухоро “Мурувват” ногиронлиги бўлган болалар интернат уйига ўқувчи-ёшлар, турли меҳнат жамоалари ташриф буюраётгани халқимизга хос қадриятлар эъзозининг намоёнидир.
Имконияти чекланган 280 ўғил-қиз тарбияланаётган мазкур муассасада “КНАУФ” хорижий компанияси вакиллари ҳам бўлди.
– Биз “Мурувват” ногиронлиги бўлган болалар интернат уйи раҳбариятига мурожаат қилиб, уларнинг эҳтиёжи билан қизиққан эдик, – деди “КНАУФ”нинг Бухородаги корхонаси директори Дмитрий Дерипалко. – Очиғи, турли сабабларга кўра, муайян кемтикликлар билан дунёга келган ўғил-қизларнинг саломатлигини тиклаш қўлимиздан келмайди. Аммо уларнинг муаммосини ҳал этишга ёрдамлашишни лозим топдик. Интернатга 30 дона ётоқ ярасига қарши тўшак ҳамда портатив физиотерапия муолажасини паст частотали ток билан ўтказишга мўлжалланган тиббий аппаратни сотиб олиб, ҳадя қилдик.
Одатда, ногиронлиги бўлган болалар алоҳида қаровга, парваришга муҳтож. Масалан, тўла фалажга учраган ўғил ва қизларда қон айланиши бузилиб, мушак тизими ривожланмагани сабабли, қаттиқ кроватда ётганда, улар танасининг суяк қисми тўшакка тегиб турган жойларидаги тўқималари яллиғланади ва яралар ҳосил бўлади. Бу бола организмида нохуш оқибатларга олиб келади. Шу боис ҳам махсус, яъни ётоқ ярасига қарши тўшаклар фалажга чалинган болаларнинг парвариши учун муҳим аҳамиятга эга.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги бу муассасанинг моддий-техник базаси тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Инвестиция дастури доирасида 2018-2019 йилларда интернат уйида 64 ўринли янги ётоқ биноси, янги дам олиш майдончалари, кир ювиш ва дезинфекциялаш бўлими, спорт зал қурилди. Шунингдек, мавжуд 2 қаватли ётоқ биноси косметик, ташқи ва ички сув, иссиқлик, оқова тизими мукаммал таъмирланди. Тарбияланувчилар учун 2 та айвон қурилди ҳамда бошқа бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Ана шу мақсадларга давлат томонидан 7,5 миллиард сўм маблағ сарфланди.
Бундан ташқари, жорий йилда “Мурувват” ва “Саховат” уйларини қўллаб-қувватлаш Жамоатчилик кенгаши, ҳомийларнинг хайрия ёрдамида маиший техника ва озиқ-овқат, дори-дармон, кийим-кечак, хўжалик жиҳозлари олинди.
Таъкидлаш жоиз, “Мурувват” ногиронлиги бўлган болалар интернат уйи тарбияланувчилари нафақат давлат, балки айни пайтда жамоатчиликнинг эътиборидадир.