Болажонлар орзуси ушалди
Ховос туманининг “Еттигузар” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи ота-оналар ва жажжи болажонларнинг узоқ кутилган орзуси ушалди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 6 мартдаги “Сирдарё вилоятининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори асосида ҳудуддаги 5-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти замонавий талаблар асосида капитал таъмирланиб, тўлиқ реконструкция қилинди.

Лойиҳа учун 5 миллиард 684 миллион сўм маблағ йўналтирилиб, муассаса биноси тубдан янгиланди ҳамда болалар учун қулай ва хавфсиз таълим муҳити яратилди. Қурилиш-таъмирлаш ишлари “Сайхун Савдо қурилиш” масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилди.

Реконструкция жараёнида бинонинг барча қисмлари қайта кўриб чиқилиб, замонавий талабларга мос ҳолатга келтирилди. Муассасанинг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, гуруҳ хоналари янги мебеллар, замонавий ўқув-дидактик воситалар билан жиҳозланди. Шунингдек, ҳудудда болалар учун янги ўйин майдончалари ва ободонлаштирилган яшил зоналар барпо этилди.

Эндиликда тарбияланувчилар кенг, ёруғ ва замонавий стандартларга жавоб берадиган таълим муҳитида таҳсил олиш имкониятига эга бўлдилар.
Муассаса очилиши муносабати билан ташкил этилган тадбирда туман ҳокимлиги, Сирдарё вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси вакиллари, нуронийлар, фахрийлар ҳамда ота-оналар иштирок этишди.

Сўзга чиққанлар Президент қарори асосида Сирдарё вилоятида, жумладан чекка ҳудудларда ҳам ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, кўп йиллик муаммоларни бартараф этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини таъкидладилар ва бу борада давлат раҳбарига миннатдорлик билдирдилар.
– Реконструкция жараёнида маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган қурилиш материаллари ва жиҳозлардан фойдаландик. Сифатга алоҳида эътибор қаратдик, – дейди “Сайхун Савдо қурилиш” МЧЖ раҳбари Тошпўлат Аманов.
– Илгари мактабгача таълим ташкилотимизда бир қатор камчилик ва муаммолар мавжуд эди. Бу эса болалар ва тарбиячилар учун ноқулайликлар туғдирар эди. Бугунги замонавий шароитлар эса барча муаммоларни бартараф этди. Энди вазифамиз — жажжи болажонларни сифатли тарбиялаш, – дейди давлат мактабгача таълим ташкилоти директори Мўътабар Душаева.
Мазкур бунёдкорлик ишлари мамлакатда мактабгача таълим тизимини ривожлантириш, болаларни сифатли таълим ва тарбия билан кенг қамраб олиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг яна бир амалий ифодаси бўлди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири