“Боланинг энг устун манфаатлари” принципи ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланмоқда
Мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, айниқса хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган тизимли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда.
Сенат ялпи мажлисида муҳокама қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига бола ҳуқуқларининг кафолатларини янада кучайтиришга ҳамда тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларни ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун шу йўналишдаги ишлар кўламини янада кенгайтиришга қаратилган.

Қонун юзасидан маъруза қилган Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалар қўмитаси раиси Орзигул Қозихонова болалар манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланиб, зўравонликдан жабрланган шахсларга комплекс ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизими шакллантирилганини таъкидлади.
Қонун ана шу ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлиб, унда “боланинг энг устун манфаатлари” тушунчасининг ҳуқуқий мақоми белгиланмоқда ва у болага тааллуқли ҳар қандай масалани ҳал этишда устувор мезон бўлади.

Оила кодексига киритилаётган тегишли ўзгартиришлар билан оилада бола манфаатига оид ҳар қандай масала кўрилаётганда бола ўз фикрини эркин ифода этиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланмоқда.
Шу билан бирга, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича давлат органларининг ваколатлари ҳам кенгайтирилмоқда.

Жумладан, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини кўзлаб, судларга давлат божи тўламасдан ариза, шикоят ва даъволар тақдим этиш, суд мажлисларида ўзининг ваколатли вакили орқали иштирок этиш ҳуқуқи берилмоқда.

Бундан ташқари, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларни махсус марказларга жойлаштириш билан боғлиқ ижтимоий кафолатлар аниқлаштирилмоқда. Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчининг махсус марказга жойлаштирилганлигига бир ойдан ортиқ бўлмаган даври унга вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасини бериш учун асос бўлиши назарда тутилмоқда.
Сенаторлар маъқуллаган қонун болалар ва хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда янги босқични бошлаб бериб, жамиятда инсонпарварлик ва ижтимоий адолат тамойилларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА