Болалар хавфсизлиги — умумий масъулият
Тошкент вилоятида болалар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни зўравонликнинг барча шаклларидан асраш ҳамда бу борада идоралараро ҳамкорликни кучайтириш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) Сурайё Раҳмонова, вилоят ҳокими ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Нилуфар Нормирзаева, тегишли давлат ташкилотлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, таълим ва соғлиқни сақлаш тизими вакиллари иштирок этди.

Йиғилишда давлатимиз раҳбари томонидан 14 октябрь куни имзоланган “Болаларни зўравонликнинг барча шаклидан ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуннинг мазмун-моҳияти, унинг ижросини таъминлаш ва ҳудудларда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, вилоятда болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, уларни зўравонлик, тазйиқ ва камситишдан ҳимоя қилиш, ижтимоий кўмакка муҳтож болаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда таълим-тарбия олиши учун муносиб шароит яратиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2025 йилда вилоятда ёшлар ўртасида 1 минг 81 та жиноят қайд этилган бўлса, 2026 йилда бу кўрсаткич 854 тани ташкил этган.

Шунингдек, йил давомида давлат ташкилотлари, таълим муассасалари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, маҳаллалар ва жамоат ташкилотларида мониторинглар, семинарлар ҳамда учрашувлар ўтказилди. Уларда масъул ходимларга болалар ҳуқуқларини таъминлаш, зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш ва қонунчилик талабларига риоя этиш юзасидан тушунтиришлар берилди.
Фуқаролар мурожаатларини ўрганиш ва уларга амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида Ёшлар марказида “Сайёр қабул”лар ҳам ташкил этилмоқда. Уларда болалар ва оилалар билан боғлиқ муаммолар кўриб чиқилиб, мурожаатларнинг қонуний ечимини топишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бироқ амалга оширилаётган ишларга қарамай, соҳада ўз ечимини кутаётган масалалар ҳам мавжуд. Йиғилишда улар танқидий-таҳлилий руҳда муҳокама қилинди. Жумладан, оилавий низолар оқибатида болалар манфаатлари бузилишининг олдини олиш, таълим муассасаларида турли тазйиқ ҳолатларини барвақт аниқлаш, ижтимоий хавф гуруҳидаги оилалар билан манзилли ишлаш, болаларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш зарурлиги таъкидланди.

Шу билан бирга, интернет маконида болаларни зарарли ахборот ва киберзўравонликдан ҳимоя қилиш, ногиронлиги бўлган болалар учун инклюзив таълим имкониятларини кенгайтириш, мурожаатларни кўриб чиқишда махфийлик ва бола манфаатлари устуворлигини таъминлаш юзасидан таклифлар билдирилди.
Мониторинг ишлари доирасида Болалар омбудсманининг ишчи гуруҳи томонидан Чирчиқ шаҳридаги “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази фаолияти ҳам ўрганилди. Маълумки, мазкур марказ таркибидаги Болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш бўлими зўравонликдан жабрланган ёки бундай хавф остида бўлган болаларни аниқлаш, уларнинг ҳаётий вазиятини баҳолаш, индивидуал ҳимоя режаларини ишлаб чиқиш ва зарур ижтимоий хизматларни ташкил этиш билан шуғулланади. Шунингдек, болаларга психологик ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш ҳам бўлимнинг асосий вазифаларидан ҳисобланади.

Ўрганиш давомида марказнинг бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган фаолият тизими билан танишилди. Жумладан, болаларнинг мурожаатларини қабул қилиш, уларга зарур ижтимоий, ҳуқуқий ва психологик кўмак кўрсатиш мақсадида ишлаб чиқилган махсус “Бола ҳимояси” Telegram-боти тақдимот қилинди. Айни пайтда тажриба тариқасида жорий этилган ушбу рақамли платформа орқали болалар ўз мурожаатларини аноним равишда юбориши, манзилли психологик ёрдам ёки ҳуқуқий маслаҳат олиши мумкин.
Бундай рақамли воситалар болаларга ўз муаммолари ҳақида эркин хабар бериш, уларнинг мурожаатларини тезкор кўриб чиқиш ва зарур чораларни ўз вақтида белгилаш имконини кенгайтиради.
А.Мусаев, ЎзА