Болалар майдончалари қаровсиз қолмасин
Бугунги кунда аксарият кўп қаватли уйларнинг туташ ҳудудларида болалар майдончалари мавжуд. Улар ёш болаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш учун барпо қилинган.
Хўш, айни пайтда мавжуд болалар майдончаларининг аҳволи қандай, улардан болалар самарали фойдаланяптими?
Шу каби саволларга жавоб топиш мақсадида дастлабки манзилимиз Навоий шаҳридаги Лев Толстой кўчасида жойлашган уйлар атрофидаги ўйингоҳлар бўлди. Тўғри, аксарият майдончалардаги аттракцион ва мосламаларга ранг берилган, атрофи ўраб қўйилган. Хуллас, кўриб кўзингиз қувнайди. Бу уйларда истиқомат қилувчи болаларга ҳавасингиз келади.
Аммо айрим майдончалардаги ҳолатлар дилингизни хира қилади. Ўйин мосламалари синдириб ташланган, улардан хўжасизларча фойдаланилган. Мисол учун, 28-, 27- ва 29- уйлар оралиғидаги, 42-, 53-54-уйлар оралиғидаги болалар майдончалари аҳволи талаб даражасида эмас.
53-54-уйлар оралиғидаги майдонча фойдаланишга топширилганига ҳали унча кўп вақт бўлмаган. Буни майдончанинг ҳолатидан ҳам билса бўлади. Аммо арғимчоқнинг бири синдириб ташланганини кўриш мумкин. 27-29-уйлар оралиғида жойлашган майдонча ҳам яроқсиз ҳолга келиб қолган. Мосламалар синдириб ташланган, улардан фойдаланишнинг имкони йўқ. Майдонча “стоянка”га айланган.
– 2021 йил 19 июндаги “Кўп квартирали уй-жойларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Президент қарорининг 3-иловасига асосан болалар майдончасини қуриш ва таъмирлаш белгиланган, – дейди вилоят қурилиш ва коммунал хўжалиги бош бошқармаси бош мутахассиси Тўхтасин Хўжамов. – Кўп қаватли уйларга туташ ҳудудлардаги болалар майдончалари уй-жой мулкдорлари ширкатлари, ҳозир эса бошқарув сервис компаниялари томонидан таъмирланиб, тегишли тартибда янгилари ўрнатилмоқда. 53-54-уйларга “Эко парвоз” ва қолганларига “Ҳумо Зилола Барҳаёт” бошқарув сервис компаниялари хизмат кўрсатади. Болалар майдончаларидаги мосламалар таъмирини ана шу сервис компаниялари бажаради. Маблағи эса уй-жой мулкдорларидан йиғилган маблағларнинг бир қисмидан ажратилади. Бу ўйингоҳлар шу уйларда яшайдиган аҳолининг мулки. Лекин айрим болалар томонидан уларни синдириб ташлаш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Ота-оналар фарзандларига улардан тўғри фойдаланиш, уларнинг ўз мулки эканини тушунтиришса, фойдадан холи бўлмасди.
Яна бир манзилимиз Кармана туманидаги Талқоқ маҳалласи бўлди. Бу ерда Навоий кўчасида “Камолот” уйлари жойлашган. Гарчи учта кўп қаватли уйлар туташ ҳудудларида болалар майдончалари бўлсада, 10-уй, маҳалла биноси олд қисмидаги икки қаватли уйлар атрофидаги болалар майдончалари ҳолатини “мақтовга арзигулик” дея олмайсиз. Сабаби, улар яроқсиз аҳволга келиб қолган. Айниқса, 10-уй атрофидаги ўйингоҳ таъмирталаб аҳволда. Ўйингоҳда бирорта фойдаланишга яроқли мослама қолмаган. Ўриндиқлар синдириб ташланган.
[gallery-15773]
– Талқоқ маҳалласидаги 7 та кўп қаватли уйга хизмат кўрсатамиз, – дейди “Хуршид коммунал прогресс” бошқарув сервис компанияси назоратчиси Хуршидабону Шарипова. – Компаниямиз 2021 йил июнь ойида ташкил топган. Ҳақиқатан ҳам Навоий кўчасидаги ўйингоҳ таъмирталаб аҳволга келиб қолган. Ўтган давр ичида майдончадаги мосламаларни пайвандлаб бергандик. Сариқ қумни ҳар мавсумда янгилаймиз. Бўёқлаш ишлари олиб борилади. Бу ўйингоҳ капитал таъмирлашга муҳтож. Ҳар бир конструкцияни янгилаш зарур. Жорий йил дастурига киритганмиз. Кетадиган харажатнинг 30 фоизи компаниямиз, қолган 70 фоизи бюджет маблағлари асосида олиб борилади. Агарда уйларда яшовчи аҳоли ўз вақтида тўловларни тўлаб боришса, майдончаларнинг ҳолати тўғрисида маълум қилиб туришса, уларни таъмирлаб берамиз. Болажонлардан майдончалардаги мосламалардан самарали фойдаланишни ҳам илтимос, ҳам талаб қилардик. Ҳозир кўп қаватли уйлар атрофига видеокамералар ўрнатиш ишларини олиб боряпмиз. Келгусида мол-мулкка зарар етказиш ҳолатлари учрайдиган бўлса, тегишли тартибда етказилган зарарни ундириш чоралари кўрилади.
– Бугун янги қурилаётган кўп қаватли уйларнинг ҳаммасида ҳам болалар майдончалари бор, деб айтолмаймиз, – дейди Халқ депутатлари Навоий шаҳар Кенгаши депутати Санжар Қурбонов. – Қурилиш лойиҳасида болалар майдончаси йўқ кўп қаватли уйларни қуришга рухсат берилишининг ўзи хато иш, деб ҳисоблайман. Лойиҳасида болалар майдончаси бўлатуриб, қуриб бермаган қурилиш корхоналари истеъмолчилар ҳақига хиёнат қилиш билан бирга, жамоатчиликнинг ҳам қурилиш соҳасидаги норозилигига сабабчи бўлмоқда. Шаҳримиздаги Ишонч маҳалласи ҳудудида 9 та болалар, 3 та спорт майдончаси мавжуд. 2023 йилда фақатгина 1 та спорт майдончаси сектор раҳбари ташаббуси билан янгиланди. Асосий сайловчиларим ушбу маҳалла аҳолиси бўлганлиги сабабли ҳудудда болаларнинг бу каби майдончалардан фойдаланишини кузатиб юраман. Қайсики, болалар майдончаси қулай, кўркам ва текис жойда ташкил этилиб, атрофи серсоя дарахтларга бой бўлса, ана шу майдонча болалар билан доим гавжум бўлади. Кўп ҳолларда қурувчилар болалар майдончаси атрофида ота-оналар ўтириб дам оладиган ҳордиқ ўриндиқлари бўлишига эътибор қаратмайди. Бу аввало болаларнинг назоратда бўлиши учун муҳим. Қолаверса, катталар атрофида эканини ҳис қилиб турган бола қурилмаларга шикаст етказишга кўп ҳолларда ботинолмайди. Ўйин ва спорт қурилмалари болаларнинг ёши, қизиқишларига мос, замонавий ва содда тузилгани, асосийси, хавфсизлик техникаси талабларига жавоб беришдек муҳим талаб ҳам қурувчилар эътиборидан четда қолмаслиги керак.
Албатта, майдончалар болаларнинг севимли жойи. Улар бўш вақтларида, айниқса, кечки пайтда бу ердаги арғимчоқлар, камалаксимон мосламалардан учади, жисмоний машқлар бажаради.
Майдончалар болаларни соғломлаштиришга хизмат қилади. Шундай экан, улардан асраб-авайлаган ҳолда самарали фойдаланиш зарур.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари