Болалар келажаги учун
Бугун мактабгача таълим ташкилотлари ҳақиқий маънода таълим тизимининг мустаҳкам пойдевори сифатида эътироф этилмоқда.
Зеро, фарзандларимизнинг ҳар томонлама етук, маънан баркамол инсонлар бўлиб камол топишида айнан шу даргоҳларда берилаётган таълим-тарбиянинг ўрни беқиёс.
Сўнгги пайтларда мактабгача таълим ташкилотларида сифатли таълим-тарбия учун зарур шарт-шароитларни яратиш борасида ота-оналар, ҳомийлар ва саховатпеша инсонлар фаоллик кўрсатмоқда. Чунки келажакка тикилган сармоя энг ишончли ва энг самарали инвестиция экани барчага аён.

Жумладан, Бухоро вилояти Пешку туманидаги 19-давлат мактабгача таълим ташкилотида ўйин майдончалари таъмирланиб, болажонлар учун янада хавфсиз ва қулай муҳит яратилди. Шунингдек, битта гуруҳ телевизор билан таъминланди, ташкилот эҳтиёжлари учун газ плита, дазмол ҳамда кир ювиш машинаси олиб берилди.
Тумандаги 17-мактабгача таълим ташкилотида эса ота-оналар билан ҳамкорликда гуруҳ хоналарида таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, 3 та гуруҳ замонавий телевизорлар билан таъминланди.

Вобкент туманида ҳам ижобий ишлар изчил давом этмоқда. Хусусан, 15-ДМТТга хавфсизлик учун деразаларга панжаралар ўрнатилди. 2-ДМТТга болалар учун турли ўйинчоқлар ҳамда машғулот жараёнларида фойдаланиш учун овоз кучайтиргич аппарати тақдим этилди. Шунингдек, 32-ДМТТга ҳомийлар кўмаги билан кир ювиш машинаси, “Аристон” иситиш жиҳози ва сув насоси олиб берилди.
Амалга оширилаётган бу хайрли ишлар мактабгача таълим тизимига бўлган юксак эътибор, болалар келажагига нисбатан масъулият ва ҳамжиҳатликнинг ёрқин ифодасидир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.