Болалар фаровонлигига сармоя
Жорий йилнинг 21–22 октябрь кунлари қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрида «Болалар фаровонлигига инвестиция: Келажак авлодлар барқарор ва адолатли тараққиёти сари йўл» мавзусидаги Жаҳон саммити бўлиб ўтади. Нуфузли халқаро тадбирда дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатидан сиёсий етакчилар, вазирлар, нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари, етакчи экспертлар, бизнес ҳамжамияти ва фуқаролик жамияти вакиллари, шунингдек, фаол болалар ҳамда ўсмирлар иштирок этади.
Анжуманнинг расмий очилиш маросими ва ялпи мажлислардан ташқари, хорижлик меҳмонлар юртимизда ижтимоий соҳа ва болаларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида қатор соҳавий объектларга ҳам боришлари режалаштирилган.
Саммитнинг панель сессияларида болалар фаровонлигини таъминлаш билан боғлиқ энг долзарб ва стратегик масалалар муҳокама марказида бўлади. Хусусан, иштирокчилар болалар ва оилаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада кучайтириш, болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда уларга сифатли хизматлар кўрсатиш, соғлиқни сақлаш ва болалар онкологияси йўналишидаги муаммолар, шунингдек, эрта болаликни ривожлантириш ва инклюзив таълимни кенг жорий этиш каби масалалар юзасидан фикр алмашади.
Муҳим жиҳатлардан бири, мазкур глобал тадбир доирасида Иккинчи халқаро болалар онкологияси конгресси ҳам ўтказилади. Бу турли давлатларнинг илғор тажрибаси, замонавий ёндашувларини бир майдонда жамлаб, тизимли ва самарали ечимларни ишлаб чиқиш учун қулай имконият яратади. Икки кун давомида Самарқанд шаҳри чинакам маънода болалар фаровонлиги ва келажаги бўйича халқаро миқёсдаги мулоқот марказига айланади.
Нуфузли саммит олдидан ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Реҳина Мария Кастижио ҳам мазкур тадбирнинг аҳамияти ва болалар фаровонлиги йўлидаги саъй-ҳаракатлар хусусида ўз фикрларини билдирди. Унинг таъкидлашича, ушбу саммит болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг фаровонлигини ошириш ҳамда келажаги учун ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва янги стратегик имкониятларни муҳокама қилишга хизмат қилади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА