Боку форуми Ўзбекистон учун катта имкониятлар эшигини очди
Маълумки, яқинда Боку шаҳрида БМТнинг Аҳоли пунктлари бўйича дастури шафелигида Бутунжаҳон урбанизация форумининг 13-сессияси (WUF13) ўтказилди. Ушбу нуфузли халқаро платформада мамлакатимиз делегацияси катта тайёргарлик ва кенг кўламли ташаббуслар билан иштирок этди.
Анжуман доирасида олиб борилган музокаралар, имзоланган халқаро ҳужжатлар ва уларнинг юртимиз шаҳарсозлик истиқболидаги аҳамияти хусусида Ўзбекистон Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси бошқарма бошлиғи Артём Крескас билан қисқа суҳбат уюштирдик.
– Келинг, суҳбатимизни мазкур форумнинг ташкилий миқёси ва унда Ўзбекистоннинг бу галги иштирокидан бошласак. Айтингчи, ўлкамиз ушбу глобал майдонда ўзини қандай намойиш этди?

– Аввало айтиш керакки, WUF13 форуми ўз миқёси ва иштирокчилар сони бўйича Бутунжаҳон урбанизация форуми тарихидаги энг юқори кўрсаткичлардан бирини қайд этди. Расмий маълумотларга кўра, форумда дунёнинг 180 та мамлакатидан 35 мингдан ортиқ иштирокчи қатнашган. Тадбирнинг ўзи Боку Олимпия стадиони ва унинг атрофидаги жами 53 гектарлик улкан ҳудудда ташкил этилган бўлиб, бу ерда замонавий сессия заллари, медиа марказлар, кўргазма майдонлари ва транспорт терминаллари барпо этилган.
Мана шундай улкан глобал майдонда – “Urban Expo” кўргазмасида тарихда биринчи марта Ўзбекистоннинг миллий павильони ташкил этилди. Эътиборлиси, кўргазмадаги павильонлар орасида бизнинг экспозициямиз алоҳида ажралиб турди. Тадбирнинг “яшил рангли концепцияси” Ўзбекистоннинг глобал иқлим ўзгаришларига қарши курашиш, экологик кун тартиби ҳамда шаҳарларни барқарор ривожлантириш тамойилларига нечоғлик содиқ эканининг рамзидир.
Форумнинг дастлабки кунлариданоқ асосан мулоқот ва диалог майдонлари ташкил этилди. Биз ушбу учрашувларда Президентимиз ташаббуси билан юртимизда изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, шаҳарларда яшил ҳудудларни кескин кўпайтириш, урбанизация жараёнларини тизимли мувофиқлаштириш, аҳолини арзон ва сифатли уй-жой билан таъминлаш ҳамда замонавий “ақлли шаҳар” (Smart City) ва “15 дақиқалик шаҳар” концепцияларининг ҳаётга татбиқ этилиши ҳақида батафсил маълумот бердик, шунингдек, хорижлик экспертлар билан умумий муаммолар юзасидан фикр алмашдик.
– Форум доирасида Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) билан шаҳарсозлик соҳасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ушбу ҳужжатнинг аҳамияти нимада ва ТДТ раҳбарияти Ўзбекистон лойиҳаларига қандай баҳо берди?
– Туркий давлатлар ташкилоти билан ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш биз учун ушбу форумнинг энг муҳим тарихий ютуқларидан бири бўлди. Форум доирасида Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Орифжон Файзиев ТДТ томонидан ташкил этилган юқори даражадаги шаҳарсозлик мулоқотида иштирок этди.
Айнан ушбу тадбир доирасида тузилмага аъзо мамлакатлар ўртасида Шаҳарсозликни биргаликда ривожлантириш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Бу ҳужжат туркий тилли давлатлар маконида замонавий архитектура ва архитектуравий режалаштириш, шаҳар инфратузилмасини барпо этишда ўзаро тажриба ва мутахассислар алмашинувини тизимли йўлга қўйишга хизмат қилади.
Йиғин давомида Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби Кубаничбек Омуралиев сўзга чиқиб, Ўзбекистонда шаҳарсозлик йўналишида олиб борилаётган ислоҳотларни, айниқса, “Янги Тошкент” мега лойиҳаси миқёсини юқори баҳолади. Бош котиб бизнинг миллий павильонимиз билан алоҳида танишиб, ундаги “яшил” ечимларни эътироф этди ва ТДТ доирасида ҳам урбанизация ҳамда шаҳарсозлик соҳасида биргаликда ривожланиш, экологик хавфсиз шаҳар муҳитини яратиш долзарб эканлигини алоҳида таъкидлади.
– Делегациямизнинг БМТ-Habitat раҳбарияти ҳамда Жаҳон банки вакиллари билан учрашувларида асосан қайси масалалар диққат марказида бўлди? Ушбу мулоқотлар давомида олинган халқаро тажрибалар “Янги Ўзбекистон” массивлари ва “Янги Тошкент” каби лойиҳаларда қандай қўлланилади?
– Форумнинг кун тартиби жуда тиғиз ўтди, дейиш мумкин. Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси вакиллари БМТ Бош котибининг ўринбосари, БМТ-Habitat директори Анаклаудия Россбах иштирокида ўтган муҳим сессияда қатнашди. Унда бугунги кунда бутун дунё дуч келаётган глобал муаммолар: жадал урбанизациянинг шаҳарлар иқтисодиёти ва иқлимига таъсири, дунё аҳолисини арзон ва сифатли уй-жой билан таъминлаш ҳамда глобал миграция жараёнларининг ушбу омилларга таъсири чуқур таҳлил қилинди.
Шунингдек, Жаҳон банкининг шаҳарсозлик масалалари бўйича директори Мин Жанг ҳамда Инфраструктура бўйича вице-президенти Валери Левков билан икки томонлама самарали учрашув ўтказилди. Мулоқотда юртимиздаги урбанизация ва уй-жой сиёсати, ҳудудларни барқарор ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашилиб, уларга “Янги Тошкент” мега лойиҳаси ҳамда мамлакатимиз ҳудудларида барпо этилаётган “Янги Ўзбекистон” массивларининг қурилиш консепцияси, ижтимоий ва муҳандислик инфратузилмаси ҳақида батафсил тақдимот қилинди. Учрашув якунида томонлар ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга келишиб олишди.
Форум давомида иқлим ўзгариши шароитида яшил инфратузилма яратиш, энергия тежамкор уй-жой сиёсати, замонавий транспорт тизимлари ва рақамлаштирилган “ақлли шаҳар” бўйича энг илғор халқаро тажрибалар ўртага ташланди. Мазкур замонавий ёндашувларни ўрганиш ва уларни ўз лойиҳаларимизга интеграция қилиш, юртимиздаги йирик қурилишларда халқаро стандартларни кенг жорий этиш ҳамда йирик молиявий институтлар билан янги инвестициявий шериклик алоқаларини йўлга қўйиш учун WUF13 бизга жуда катта имкониятлар эшигини очди, дейиш мумкин.
А.Маматов суҳбатлашди.
ЎзА