Боксда вазн тоифалари сони ортиши кутилмоқда
Халқаро ҳаваскор боксчилар ассоциацияси (АИБА) президенти Умар Кремлёвнинг маълум қилишича, 2021 йилнинг охиригача бокс спорт туридаги вазн тоифаларига яна қўшимча вазнлар жорий этилади. Бу ҳақда Халқаро олимпия қўмитаси сайти хабар тарқатди.
Хабарда келтирилишича, АИБАда жорий йил якунигача вазн тоифаларидаги ўзгаришлар билан бирга, ўтказилаётган чемпионатлар формати, баҳсларда очколарни бериш тартиби ҳамда миллий бокс федерацияларига молиявий ёрдам кўрсатиш масалаларида ҳам бир қатор янгиликлар жорий қилиниши бўйича изланишлар олиб бормоқда. Миллий федерацияларга бокс спорт тури ривожи учун 6 миллион атрофида молиявий кўмак бериш назарда тутилган.
- АИБА томонидан вазн тоифаларининг ортиши бўйича амалга ошириладиган ишлар спортчиларнинг нуфузли мусобақаларда иштирок этиш ва зафар қучиш имкониятини кенгайтиради. Биласиз, ҳаваскор боксда Олимпия ва жаҳон чемпионатларининг энг енгил вазни ҳозирда 52 килограмм ҳисобланади. Агарда вазн тоифасига Хасанбой Дўсматовнинг “вазни” (49 келограмм) жорий этиладиган бўлса, юртимиз спортчилари орасида ушбу оғирликда жаҳон ва олимпия майдонларини забт этадиган боксчилар сафи кенгайибгина қолмай, уларнинг халқаро спорт майдонларида ўз иқтидорини намойиш этишига яхшигина имконият ҳам яратиларди, - дейди бокс бўйича Рио олимпиадаси бронза медали совриндори Рустам Тўлаганов.
Маълумки, бокс бўйича навбатдаги XXI жаҳон чемпионати жорий йилнинг 26 октябрь - 6 ноябрь кунлари Сербиянинг Белград шаҳрида ўтказилиши белгиланган. Мазкур жаҳон чемпионати ўзгартирилган вазн тоифаларида бўладими ёки йўқ, маълумотда бу ҳақда сўз юритилмаган.
Тўлқин РЎЗИЕВ