Боксчи қизларимиз машғулотларга зўр бермоқда
Хабарингиз бор, шу йил куз мавсумида Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида йилнинг энг муҳим мусобақаларидан бири – Осиё ўйинлари ўтказилиши кутилмоқда. Шу кунларда қитъа ўйинларида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қиладиган спортчиларимиз турли босқичларда ўқув-машғулот йиғинини ўтказмоқда.
Осиё ўйинларида муносиб иштирок этиш мақсадида бокс бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоаси ҳам жиддий ҳозирлик кўрмоқда. Элшод Расулов бошчилигидаги қизларимиз муҳим мусобақага тайёргарликнинг навбатдаги босқичини мамлакатимиз бокс федерацияси томонидан “Янгиобод” спорт базасида ташкил этилган халқаро ўқув-машғулот йиғинида ўтказмоқда.

Бокс бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоаси мураббийси Элшод Расулов билан мусобақаларга тайёргарлик жараёни, олдиндаги режалар ва терма жамоамиз қайд этаётган натижалар ҳақида суҳбатлашдик.
– Халқаро ўқув-машғулот йиғини қандай ўтмоқда ва қайси давлат терма жамоалари келган?
– Бугунги кунда бокс бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоаси “Янгиобод” спорт базасида халқаро ўқув-машғулот йиғинини ўтказмоқда. Йиғинда Россия, Япония ва Вьетнам терма жамоаси аъзолари шогирдларим билан биргаликда шуғулланмоқда. Машғулотлар мутахассис ва мураббийлар штаби томонидан белгиланган режа асосида икки маҳал ўтмоқда. Йиғин давомида боксчи қизларимиз асосан техник-тактик ва жисмоний ҳолатни бир маромда ушлаб турувчи машқлар бажармоқда.

– Бокс федерацияси томонидан яратилаётган шарт-шароитлар ҳақида тўхталиб ўтсангиз?
– Шароитлар аъло даражада, барча имкониятлар яратиб берилмоқда. Федерациямиз раҳбарияти томонидан, айниқса, аёллар боксига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мисол тариқасида айтсам, шу ўтган кунлар мобайнида аёллар терма жамоаси Ҳиндистон, Қозоғистон, Ҳитой каби бир қатор давлатларда халқаро ўқув-машғулот йиғинини ташкиллаштирди. Ҳозир эса юртимизда ўтаётган йиғиндамиз. Ўзбекистон бокс федерацияси томонидан, аёллар бокси ривожланиши учун федерациямиз мутасадди раҳбарлари керак бўлган барча ишни ортиғи билан бажармоқда. Жумладан, фармакология, витаминлар, озиқ-овқат ва спорт формалари аъло даражада етказиб берилмоқда. Айтиш мумкинки, қисқа вақт ичида аёллар бокси бўйича ривожланишга эришилди. Бу эса, албатта, спортга қаратилаётган катта эътибор самарасидир.
– Айтингчи, сўнгги олти ой мобайнида терма жамоамиз аъзолари қандай натижага эришди?
– Бу вақт ичида бокс бўйича аёллар терма жамоамиз ҳалқаро турнирларда, қитъа ва жаҳон биринчиликларида жами 7 та олтин, 5 та кумуш ва 3 та бронза медалларини қўлга киритди. Ҳали олдимизда Осиё ўйинлари ва бир қатор халқаро турнирлар бор. Умид қиламанки, ушбу мусобақаларда натижаларимиз янада ортади.

– Ушбу муваффақиятлар сири нимада?
– Шогирдларим қайд этаётган натижалар сири – меҳнат, ўзига ва ғалабага бўлган ишонч ҳамда мунтазам ташкил этилаётган ўқув-машғулот йиғинида.
Бугун Ўзбекистон спортчилари бир қатор спорт турлари бўйича дунёда етакчилик қилмоқда. Бу эса мамлакатимизда аҳоли ўртасида жисмоний тарбия ва спортга қаратилаётган улкан эътибор самарасидир. Умид қиламизки, аёллар боксида ҳам спортчиларимиз юксак марраларни забт этади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА