Бокс: Осиё чемпионати Тошкентда ўтказилади
Осиё бокс конфедерацияси жорий йилнинг 7-17 декабрь кунлари 22 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида ўтадиган қитъа чемпионати Тошкент шаҳрида ўтказилишини эълон қилди, дея хабар тарқатди Ўзбекистон бокс федерацияси матбуот хизмати.
–Бу, энг аввало, мамлакатимиз спорт салоҳиятига Осиё бокс конфедерациясининг юксак эътибори ва ҳурматидан далолат. Таъкидлашим керакки, қитъамизда илк бор ташкил этилаётган мазкур чемпионатни ўтказишга даъвогар давлатлар бир талай эди. Қитъа чемпионатини ўтказиш танловида Ўзбекистоннинг ғолиб чиқиши барчамиз учун қувончли воқеа бўлди. Қитъадаги энг нуфузли бокс мусобақаларидан бирининг юртимизда ташкил этилиши ёш спортчиларнинг камолга етишида катта аҳамият касб этади, –дейди Ўзбекистон бокс федерацияси халқаро алоқалар бошқармаси бошлиғи Шоҳид Тиллабоев.
Хабарда келтирилишича, илк бор ўтказилаётган чемпионатда 1999-2002 йилларда туғилган ёшлар қатнашади.
Шу ўринда айтиш лозимки, мамлакатимизда 1995, 1999 ва 2017 йиллари катталар ўртасида, 2015 йили эса ўсмирлар ўртасида Осиё чемпионати ўтказилган эди.
Маълумки, ўтган йили бўлиб ўтган АИБА ижроқўмининг қарори билан 2023 йили катталар ўртасида ўтказилиши белгиланган жаҳон чемпионатига ҳам айнан Тошкент шаҳри мезбонлик қилади.
Т. Рўзиев, ЎзА