Бокс: Ишонч тоғларимиз ҳали мустаҳкам
Белградда давом этаётган жаҳон чемпионатининг бешинчи кунги муросасиз мусобақалари бошланмоқда.
Кутилган ва кутилмаган натижалари билан ортда қолган дастлабки тўрт кунлик мураккаб баҳслар сарҳисоби ўзбекистонлик боксчилар учун катта йўқотишлар билан тарихга қоладиган бўлди. Аввалига Дўсматовнинг Токио олимпиадасида Қозоғистон спорт шаънини муносиб ҳимоя қилган Бобосиновга йўл бериши, 28 октябрдаги жанг кечасида 57 килограмм вазн тоифасида Миразизбек Мирзахалиловнинг илк босқичда АҚШлик Жамал Херлига 3:2 ҳисобида мағлуб бўлиши истакларимиз билан имкониятларимиз афсуски, у қадар мос эмаслигини кўрсатди.

Бундан ташқари, истеъдодли ёш боксчимиз Шоҳжаҳон Абдуллаев 86 килограмм вазнда бельгиялик Виктор Шельстрейт билан кечган баҳсда тажрибасизлиги оқибатида ютаётган жойида имкониятни бой берди. Яъни, икки раунд ҳисоби бўйича олдинда бораётиб, 2-раунднинг сўнгги сониясида нокаутга учради.
Аммо ҳали умидларимиз мустаҳкам, ишонч тоғларимиз собитлик билан Сербия рингларида ишончли ғалабага эришмоқда. Хусусан, 75 килограмм вазнда Саиджамшид Жафаров, 67 килограммда Асадхўжа Мўйдинхўжаев ва +92 килограмм оғирликдаги Лазизбек Муллажоновнинг ҳар бир учрашувдаги шиддатли ҳатти-ҳаракати жаҳон чемпионатида Ўзбекистоннинг ўз ўрни ва мавқеи борлигини кўрсатмоқда.

Бугун, 29 октябрь куни 4 нафар боксчимиз нуфузли мусобақадаги дастлабки баҳсларини ўтказади. 52 килограмм вазнда Шаҳобиддин Зоиров асли россиялик, ҳозирда Сербия шарафини ҳимоя қилаётган Тамир Галанов билан жанг ўтказади. Айтиш жоизки, 32 ёшли Галанов 2017 йил Германияда ўтган жаҳон чемпионатининг бронза медали соҳиби. 2019 йили антидопинг қоидаларини бузганлиги учун икки йил ҳаваскор боксдан четлатилган.
Мутахассисларнинг фикрига кўра, Галанов ҳар иккала қўлда ҳам эркин ҳаракат қилиш имкониятига эга. Нима бўлганда ҳам Зоиров ва Галанов жанги қизиқарлилиги билан кўпчиликнинг эътиборини тортиши шубҳасиз. Ушбу учрашув бугун Тошкент вақти билан 16.00 дан кейин бўлиб ўтиши кутилмоқда.
Сербия рингининг биз учун яна бир муҳим жанги – 71 килограмм вазнда Рио олимпиадаси совриндори Шаҳрам Ғиёсов ва қозоғистонлик Асланбек Шимбергенов ўртасида бўлиб ўтади. Мазкур боксчилар ўртасидаги жанг хусусида турли фикр-мулоҳазалар билдирилмоқда. Айтилган гаплардан ҳоли тарзда қўшимча қилиш мумкинки, қозоғистонлик боксчи жорий йил баҳорида Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида “Губернатор кубоги”нинг ярим финалида ҳамюртимиз Бобоусмон Батуров билан кечган жангда очколар ҳисобида ғолибликка эришганди. Бундан ташқари, Шимбергеновнинг анча муддат профессионал бокс машғулотларида қатнашганлигини ва жанг усули Ғиёсовга “қулай”лигини инобатга олсак, Шаҳрамнинг имконияти юқори эканига шубҳа йўқ. Боксда ҳамма нарса бўлишини унутмаган ҳолда хамюртимизнинг бугун кеч соат 23:00 дан кейин бўладиган жангини кутиб қоламиз.
Шунингдек, бугун 92 килограмм вазнда Чирчиқ бокс мактаби тарбияланувчиси Мадияр Саидраҳимов жаҳон чемпионатидаги илк қадамини болгариялик Владислав Смахликауга қарши баҳс билан бошласа, 2018 йилги ёшлар олимпиадаси ғолиби Абдумалик Халаков 60 килограмм оғирликда Македония терма жамоаси аъзоси Жасин Ляма билан кейинги босқич масаласини ҳал этади.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, жаҳон чемпионатини тарк этаётган кучли боксчилар фақат ўзбекистонликлар эмас. Белград рингларида дунёнинг барча давлатлари у ёки бу даражадаги ишонган спортчиларидан айрилмоқда. Бугунгача чемпионатни илк босқичдаёқ тўхтатганлар орасида нафақат Кубанинг, балки жаҳон ҳаваскор боксининг юлдузлари бўлган уч карра жаҳон чемпиони Ласаро Альварес ва икки карра Олимпия ўйинлари ғолиби Роньель Иглесиас ҳам борки, Хасанбой ва Миразизбекнинг Сербия ринглари билан эрта хайрлашишидан фожиа ясамаслик керак, назаримда. Бу, бокс, унда ҳам бошқа спорт турлари каби ютқазганлар ва ютганлар албатта, бўлади.
Т. Рўзиев, ЎзА