«Боғишамол»да ёзги дам олиш мавсуми давом этмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Андижон туманидаги «Боғишамол» болалар соғломлаштириш оромгоҳида ёзги дам олишнинг учинчи мавсуми қизғин давом этмоқда. Айни пайтда бу ерда 316 нафар бола мазмунли ҳордиқ чиқариб, турли тўгарак ва спорт машғулотларида иштирок этмоқда.
Оромгоҳда болаларнинг қизиқиши ва иқтидорини ривожлантиришга қаратилган 10 дан ортиқ тўгарак фаолият юритмоқда. Жумладан, медиа, чет тиллари, робототехника, LEGO-конструкторлик, қўғирчоқ театри, зардўзлик, китобхонлик ва кулолчилик каби йўналишларида машғулотлар ташкил этилган.
[gallery-30391]
Шунингдек, шахмат, шашка, сузиш, футбол ва волейбол бўйича спорт машғулотлари мунтазам ўтказилмоқда. Малакали мураббийлар раҳбарлигидаги машғулотлар болаларнинг жисмоний чиниқиши, жамоада ишлаш кўникмалари ва иқтидорини ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Ёзги соғломлаштириш мавсуми давомида оромгоҳда жами 1200 нафар боланинг дам олиши режалаштирилган. Бунинг учун хавфсизлик, сифатли овқатланиш ва мазмунли ҳордиқ чиқариш бўйича зарур шарт-шароитлар яратилган.
Зуҳриддин УМУРЗОҚОВ(сурат),ЎзА