Боғичинорликларнинг кўп йиллик муаммоси ҳал бўлди
Тойлоқ тумани Боғичинор маҳалласидаги бир неча йилдан буён носоз бўлган сув иншооти 5 миллиард сўм маблағ эвазига реконструкция қилиниб, 860 та хонадон, яъни 4,3 минг нафар аҳоли илк бор марказлашган тоза ичимлик суви билан таъминланди.
Шу йилнинг апрель ойида Самарқанд вилояти ҳудудларида бўлган Президент Администрацияси раҳбари С.Мирзиёева Тойлоқ тумани Боғичинор маҳалласи аҳолиси билан учрашганда ҳудудда марказлашган тоза ичимлик суви муаммоси борлиги қайд этилган ва бу масала уч ой ичида ҳал этилиши айтилганди.
Белгиланган чора-тадбирлар асосида қисқа вақтда сув иншооти реконструкция қилиниб, битта янги сув қудуғи қазилди, ҳар бири 250 куб метр бўлган сув сақлаш ҳовузи (резервуар) қурилди, 12 километр масофага янги сув тармоғи тортилди. Бу ишлар билан бирга маҳалла ҳудудида кенг кўламли ободонлаштириш ишлари ҳам амалга оширилди ва Боғичинор бугун кўркам масканга айланди.


Сув иншоотини фойдаланишга топшириш маросимида Самарқанд вилояти ҳокими А.Бобоев иштирок этиб, бу ўзгаришлар давлатимиз раҳбарининг инсон қадрини улуғлашга қаратилган ислоҳотларининг бир кўриниши эканлигини таъкидлади.
Шу куни Тойлоқ туманида Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллигига туҳфа сифатида яна бир қатор янги объектлар очилди.

Жумладан, Сочак маҳалласида “ORZU ABLAKULOV SERVIS” масъулияти чекланган жамияти томонидан замонавий мебель ва мебель маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган янги корхона фаолият бошлади ва бу ерда 50 кишининг бандлиги таъминланди. Варсин маҳалласи ҳудудида эса “BRO BEANS” қўшма корхонаси томонидан туркиялик тадбиркор билан ҳамкорликда хусусий мактаб ва логистика маркази ташкил этилди. Мазкур лойиҳа туфайли бу ерда йилига 55 миллиард сўмлик хизматлар кўрсатиш ва 90 кишининг бандлигини таъминлаш имконияти яратилди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири