Бобур ғазали сурдо (имо-ишора) тилида ўқилди
Ҳар кимки, вафо қилса – вафо топқусидур! Ҳар кимки, жафо қилса – жафо топқусидур! Яхши киши кўрмагай ёмонлик ҳаргиз, Ҳар кимки, ёмон бўлса – жазо топқусидур!
Ушбу сатрлар буюк давлат арбоби, шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур қаламига мансублигини билмаган ўзбек бўлмаса керак.
Буюк сиймо, ўзбек тарихчилигида, адабиётида, географиясида, ҳарбий ва бошқа соҳаларда муҳим ўрин тутган Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг 540 йиллиги Жиззах вилоятининг шаҳар ва туманларида, олий, ўрта-махсус, ўрта ва мактабгача таълим муассасаларида кенг нишонланиб, турли маданий, маърифий, бадиий тадбирлар, “Бобурхонлик” кечалари ўтказилмоқда.
Ушбу тадбирлар давомида Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва ижод йўли акс эттирилган саҳна кўринишлари, рубоий ва ғаъзаллари ўқувчи ва талаба ёшлар томонидан йиғилганлар эътиборига ҳавола этилмоқда.
Жумладан, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг 540 йиллик юбилейи тантаналарига бағишланган тадбир Зомин тумани марказида шоҳ ва шоирнинг хотирасига ўрнатилган ҳайкал пойига маҳаллий ижодкорлар ва ёшларнинг гулчамбар қўйиши билан бошланди.
Тумандаги “Ўзбекистон” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган Зомин тумани 2-сон касб-ҳунар мактабида буюк давлат арбоби, шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллиги муносабати билан “Бобурнинг лирик мероси” номли маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Тадбирда шоир ҳаёти ва ижоди акс эттирилган саҳна кўринишлари намойиш этилди, рубоий ва ғазалларидан намуналар ўқилди.
– Ушбу тадбир жараёнида шоир асарлари тўғрисида ўқувчи ёшлар билан савол ва жавоблар викторинаси ўтказилиб, “Бобурнома” бўйича яратилган кроссворд тўлдириш бўйича беллашув ҳам бўлиб ўтди, – дейди маҳалла ёшлар етакчиси Д.Абдураҳимов. – Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳазратларига бағишлаб ўтказилган тадбиримизнинг ғолиб ва совриндорлари ҳамда энг фаол иштирокчиларга 3-сектор раҳбарияти томонидан қимматбаҳо ва эсдалик совғалари улашилди.
Шунингдек, тумандаги барча умумтаълим мактабларида ҳам Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллиги муносабати билан “Бобурнинг лирик мероси” номли маънавий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтди.
***
Ўзбек мумтоз адабиётининг йирик вакили – буюк шоир, тарихчи олим, иқтидорли географ, етук давлат арбоби, истеъдодли саркарда, бобурийлар сулоласи асосчиси, темурий шаҳзода Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллиги Зарбдор туманидаги кар ва заиф эшитувчилар махсус мактаб-интернатида ўзига хос тарзда нишонлангани, ҳеч бир кишини бефарқ қолдирмаса керак.
Махсус мактаб-интернат ўқувчиларининг Бобур ғазалини имо-ишора(сурдо)лар билан ёддан, қалб сўзлари билан ўқиган жараённи Зарбдор туман Баркамол авлод болалар мактаби тўгарак аъзолари билан ҳамкорликда видеотасвирга муҳурладик. Тинглаб томоша қилсангиз, Бобурни ғазалларини забонсиз ҳам дилдан ижро этиш мумкинлигига ўзингиз ҳам гувоҳ бўласиз.
<iframe width="1280" height="714" src="https://www.youtube.com/embed/P7MWYyrxm2g" title="Бобур ғазали сурдо (имо-ишора) тилида ўқилди" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>
А.ҚАЮМОВ (сурат-видео),
ЎзА