“Бобошбек” маҳсулотлари Озарбайжонда
Фарғона вилояти Учкўприк туманида ишлаб чиқариш ҳажми ва экспорт салмоғи ўсди, тарқалиш географияси кенгайди.
Беш йил олдин тумандаги умумий экспорт ҳажми 3 миллион 939 минг АҚШ долларини ташкил этган бўлса, ўтган йил сарҳисобига кўра бу миқдор 82 миллион доллардан ошди. Мазкур кўрсаткич аввалги йилларга таққослаганда, 20 баробар кўп. Бунинг асосий қисми саноат йўналишида ишга туширилган лойиҳалар ҳиссасига тўғри келади.
Бугун Бобошбек маҳалласига кўпчилик ҳавас билан қарайди. Бу ерда аҳоли илгари ўз уйида енгил маҳсулотлар ишлаб чиқарган бўлса, ҳозирда уларнинг имконияти жуда кенгайди. Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 27 майдаги “Фарғона вилоятининг Учкўприк туманида енгил саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришни, логистика ва савдо тармоқларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори бу борада янги имконият эшикларини очди. Ўтган қисқа вақтда “Бобошбек” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, логистика ва савдо, ип йигирув-тикув комплекси қурилди. Умумий майдони 15 гектар бўлган йирик мажмуада 212 та ишлаб чиқариш цехи, 336 та савдо дўкони, 560 та кичик савдо расталари, 2 та логистика маркази мавжуд.

Айни кунда Бобошбек, Бекмурод, Зиғир, Палохон ва Яккамулла каби маҳаллалардаги трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқараётган юзлаб тадбиркорлар мазкур мажмуада ишламоқда. Бугунги кунда “Бобошбек” ишлаб чиқариш ва савдо мажмуасида тайёрланаётган маҳсулотлар нафақат ички бозорда, балки Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Россия каби бир қатор давлатларда ҳам харидоргир.
Яқинда мажмуада ишлаб чиқарилаётган трикотаж маҳсулотларини Озарбайжонга экспорт қилиш бошланди. “SHu Nilufar tekstil olami” корхонаси томонидан озарбайжонлик ҳамкорлар билан эришилган узоқ муддатли келишувга асосан бугун 48 минг долларлик 60 турдаги болалар кийимлари экспортга юборилди.
– Шу кунга қадар Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Россия каби давлатлар билан шартномалар тузиб, “Бобошбек”да ишлаб чиқарилган трикотаж маҳсулотларини хорижлик ҳамкорларимизга етказиб бераётган эдик, – дейди корхона раҳбари Нилуфар Султонова. – Эндиликда озарбайжонлик ҳамкорларимиз билан ҳам узоқ йиллик келишувга эришдик. Бугун ушбу келишувга асосан қарийб 48 минг долларлик дастлабки юкларни жўнатган бўлсак, йил давомида Озарбайжонга 5 миллион доллар миқдорида трикотаж маҳсулотларини экспорт қилишни режалаштирганмиз.
Ҳа, “Бобошбек” мажмуасидаги маҳсулотлар сифати ва рақобатбардошлиги билан ўз харидорини топмоқда. Бу кўплаб янги иш ўринлари яратиш баробарида ҳудуднинг экспорт салоҳиятини юксалтиради.
М.Сулаймонов, ЎзА мухбири